Ўзбекистон | 22:30 / 20.10.2017
21938
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 12 ёшли халқаро шахмат устасига MacBook совға қилди

Шахмат бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби, халқаро шахмат устаси, 12 ёшли Жавоҳир Синдоровга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг совғаси топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

ЎзАнинг ёзишича, тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланиб келаётган Жавоҳирнинг эришган ютуқларига жаҳоннинг етакчи шахматчилари ҳам ҳавас қилади.

Жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиби, халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий ноутбук (MacBook) билан тақдирланди.

«Президентимизнинг биз ёшларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлигидан миннатдормиз. Халқаро майдонда эришаётган ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайлидир. Президентимизнинг совғаси мени янада юксак марралар сари руҳлантиради, келажакда халқаро гроссмейстер талабини бажаришимда яқин кўмакдошим бўлади», дейди ёш шахматчи.

Жавоҳир Синдоров 2012 йил Ҳиндистонда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди. 2013 йил Эронда шахмат бўйича 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.

2014 йил Грецияда мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Жавоҳир Синдоров бирйўла иккита олтин медални қўлга киритди. Бразилияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлди.

2015 йил Таиланднинг Паттайя шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2016 йил Россияда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди.

2017 йилги спорт мавсуми ҳам Синдоров учун муваффақиятли бўлмоқда. Жавоҳир апрель ойида Тошкентда шахмат бўйича 8—18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида иккита олтин медални қўлга киритди.

Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтган Халқаро шахмат федерацияси – FIDE нинг 88-Конгрессида ўзбекистонлик ёш шахматчи Жавоҳир Синдоровга халқаро шахмат устаси унвони берилгани эълон қилинди.

Мавзуга оид