Спорт | 18:33 / 05.02.2024
18785
2 дақиқада ўқилади

Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди

Бу йилги ютуқларни Токио олимпиадасида каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри экани таъкидланди. 

Фото: Getty Images

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. 

Унда қайд қилинишича, 2024 йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилади. Шу боис спортни оммалаштириш бўйича тизим тўлиқ ва юқори самара билан ишлаши зарур. Ҳокимлар ўзи мусобақалар ташкил қилиб, янги иқтидорларни кашф қилишга етарли эътибор қаратмаяпти. Оқибатда, ҳудудларда яхши спортчилар четда қолиб кетаяпти. 

Маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда маҳаллаларда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга йил давомида «сектор – туман – вилоят – республика» даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш топширилди. 

«Спорт мактаблари – спорт коллежлари – спорт федерациялари – олий маҳорат мактаблари» занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш вазифаси қўйилди. 

Президент июл-сентябр ойларида Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади. 

Бу йилги ютуқларни Токио олимпиадасида каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри экани таъкидланди. 

Бу йилги Олимпия ўйинларидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш топширилди. 

Спорт вазирлигига Париж-2024 мусобақасига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз учун 15 та Олимпия ва Паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базасида барча шароитларни яратиш топширилди. 

Олимпия ва Паралимпия қўмиталари билан биргаликда уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид