Ўзбекистон | 21:00 / 23.10.2017
117445
4 дақиқада ўқилади

«Нархоз» қандай қилиб Осиёнинг энг яхши университети бўлиб қолди?​

Олий таълим вазирлиги Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, жаҳоннинг нуфузли университетлари, жумладан АҚШнинг Бостон, Стенфорд университетлари ва Вашингтон халқаро ўқув маркази қаторида эътирофга сазовор бўлиб, Осиёдаги «Энг яхши олий таълим муассасаси»​ номинацияси ғолиби бўлди.

Cентябрь ойида Франциянинг Ницца шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори «Йил бошқарувчиси»​​ дея эътироф этилгани барчани бир зумга бўлса ҳам хурсанд қилди. Аммо...

Июль ойида журналист Билли Кенбер сохта мукофотларни сотиб келаётган Европа Бизнес Ассамблеяси ҳақида ёзганди. Унда айтилишича, украиналик миллиардер Иван Саввов ва унинг ўғли Антон Саввов бир неча ўн минг АҚШ доллари эвазига очиқдан-очиқ «шон-шараф»​ни сотади. Бундай мукофотлар сирасига ассамблея томонидан тақдим этиладиган «Халқаро Суқрот мукофоти»​, «Қиролича Виктория хотираси соврини»​ киради.

Не ажабки, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳам айнан мана шу Европа Бизнес Ассамблеяси томонидан эътироф этилган. Аслида UniRanking тақдим этган рейтингда мазкур олийгоҳ Ўзбекистоннинг ичида кучли йигирматаликка ҳам киритилмаган. Бу ўқувчида шубҳа пайдо қилиши табиий.

Англиянинг Daily Mail нашри чоп этган мақолада ЕБА «хизматидан​» кўпроқ Яқин Шарқ ва Россия вакиллари фойдаланиши айтилади. Аслида ЕБА'нинг Оксфорд университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва унинг таъсирида бошқарилмайди. Ассамблея расмий сайтида ёзилишича, бу турли соҳа вакилларининг ихтиёрий нодавлат бирлашмаси саналади. Ташкилотнинг асосий мақсади аъзо бирликларини эътироф этиш, уларнинг фаолиятини ёритишдан иборат. Унинг тақдим этадиган мукофотлари эса ҳеч қандай юридик кучга эга эмас, балки аъзо ташкилотлар орасидан сараланади. Расмий сайтнинг ўзида мукофотнинг қиймати пул билан ўлчаниши белгилаб қўйилган.

Европадаги Журналистик суриштирув маркази тарқатган хабарга кўра, Босния ва Сербиядаги кўплаб олий таълим муассасалари «халқаро эътироф»​ни сотиб олиб, ички мувозанатни ушлаб туришга ҳаракат қилади. Яъни, «қуруқ обрў»​ билан маҳаллий шароитда ўзининг илғор экани, юксак ютуқларга эришаётгани ҳақида мақтанади. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов иштирок этган мукофотни эгасига топшириш маросими, у ҳақда овоза қилиб хабар тарқатиш нима учун кераклиги аён бўлгандек. Аслида Ўзбекистондаги олийгоҳлар дунёнинг энг кучли университетлари 100талиги тугул, 500талигига ҳам кирмайди. Бундай рейтингда кўриниш бериш учун, авваламбор, олийгоҳ талаба ва ўқитувчи-профессорлар таркиби яхшилаб ўрганилади. Шунингдек, факультет ва кэмпус, кутубхона, АКТ жиҳозлари, лаборатория ҳам назардан четда қолмайди. Энг асосийси, талабаларнинг ютуқлари, иш билан таъминланганлик кўрсаткичи халқаро рейтингни тайёрлашда муҳим омил сифатида кўрилади.

Бундан аввалроқ, Kun.uz сайти халқ орасида «Нархоз»​ номи билан танилган Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг давлат қабул имтиҳонларида юз берган шубҳали ҳолатлар ҳақида бир неча бор мақола нашр этганди.

«Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?

Бунга жавобан на университет раҳбарияти, на Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги изоҳ берди.

Нархоздан ниманинг иси келмоқда?

Энди университет мана шундай «эътироф»​га сазовор бўлганини кўриш кишини ўйлантириб қўяди: бу билан ректор Баҳодир Ҳодиев ўз «айбини» ювмоқчими?!

«Нархоз»га кимлар кирган ўзи: Схема қандай ишлаган?

 

Мавзуга оид