Фирибгар мутахассис
Фуқаро Адҳам Маҳмудовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) туман прокуратурасига қилган мурожаатида келтирилган ҳолатлар тасдиқланиб, Ёзёвон тумани “Ермулккадастр” Давлат корхонасининг мутахассисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Аниқланишича, А.Маҳмудов деҳқончилик билан шуғулланиб, амакиси Олимжон Маҳмудовнинг Янгибўстон қишлоғидаги “Бектош Муҳаммадумар” фермер хўжалигида ишлаган.
2014 йилнинг кузида амакиси фермер хўжалигини туман захирасига топширмоқчилигини айтади. Фермер бўлиш истагида А.Маҳмудов амакиси билан туман ҳокимининг қабулига киради. Амакиси фермер хўжалигини жиянига топширмоқчилигини айтганида, ҳоким рози бўлади. Бироқ холи қолганларида бошқача суҳбат бўлади, яъни талабгорга “Янгибўстон Файзли Бўстон” фермер хўжалиги ерларини таклиф қилади. А.Маҳмудов унинг таклифига кўнгач, “кадастр хизмати мутахассисига учрашинг”, деб тайинлайди.
Ҳокимлик биносининг ортида жойлашган корхона идорасида мутахассис Икромжон Жумаев тендерда қатнашиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатини ёзиб бераётиб, гўё “тендерда ютиб олгандай бўлиб, ишни бошлайверасиз, 167 минг сўм тўлаб қўйинг”, дейди. А.Маҳмудов унга пул ва ҳужжатларни келтириб беради. 2015 йил январь ойида тендер ўтказилади. Бироқ ҳоким тавсия қилган “Янгибўстон Файзли Бўстон” фермер хўжалигининг ерлари тендерга қўйилмайди, ўз эгасининг ихтиёрида қолади.
А.Маҳмудов яна ҳокимга учрашади. “У бошқа ерлар бор”, деб ҳузурига кадастр хизмати мутахассиси И.Жумаевни чақиртиради ва унга туман захирасидаги 20 гектарлик ер майдонини кўрсатишни тайинлайди. Келаси куни ерни бориб кўришади. Бироқ А.Маҳмудовга ер майдони маъқул келмайди. И.Жумаев “Шошмай туринг, захирага қайтариб олинадиган ер бор. Беш юз минг сўм берсангиз, ўша ерни сизга тўғрилаб берамиз”, дейди. А.Маҳмудов келаси куни унга айтилган пулни беради. Сўнгра бир неча марта И.Жумаевга ва ҳокимга учрашади. Бу орада ҳоким Тошкент шаҳрига ўқишга кетади. Қайтганидан сўнг қабулига кирганида, кадастр хизмати мутахассиси И.Жумаевни ҳузурига чорлаб, ишини тўғрилаб беришни тайинлайди. Бироқ мутахассис айтган ер эгалик бўлиб кетган эди.
А.Маҳмудов яна ҳокимнинг қабулига кириб, ўша “Бектош Муҳаммадумар” фермер хўжалигининг ерини бўлса ҳам номига ўтказиш беришни сўрайди. Ҳоким “ишни бошлайверинг”, дейди. И.Жумаев эса талабгордан ушбу фермер хўжалиги ерларини номига ўтказиб бериш учун яна 500 минг сўм талаб қилади. А.Маҳмудов унга келаси куни 450 минг сўм беради ҳамда ҳокимнинг ва кадастр хизмати мутахассисининг ваъдаларига ишониб, электр сими тортади, насос ўрнатиб, сув чиқаради. Ариқларни экскаваторда тозалатиб, ерни чигит экишга тайёрлаб қўяди. У бу ишларга жами 7 млн. 500 минг сўм маблағ сарфлайди. Бироқ, март ойида бўлган тендерда бошқа бир деҳқон ғолиб, деб топилади. “Сарф-харажатларим нима бўлади”, деб сўраганида, тендер комиссияси раиси “тендерда ютиб олган йигит тўлайди, агар тўламаса, ерни сизга олиб берамиз”, дейди.
Сўнгги бор ҳоким унга балиқ етиштириш учун 10 гектар ер майдони берилишини ваъда қилади. А.Маҳмудов “бас, ҳеч нарса керак эмас”, дея кадастр хизмати мутахассисидан пулларини қайтариб беришни сўрайди. И.Жумаев, “боринг, қайга борсангиз бораверинг” дегач, прокуратурага мурожаат қилади.
Фирибгарлик билан фуқаронинг 3 млн. сўмдан зиёд пулларини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган мутахассисга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Унинг айби қисман иқрорлигидан ташқари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ҳам исботланди. Алдаб олган пулларни судгача қайтариб берган И.Жумаевга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
09:50 / 18.12.2024
Европада кекса кишиларни алдаган фирибгарлар тармоғи фош этилди
10:00 / 10.12.2024
Молиявий фирибгарликларнинг олдини олишда антифрод тизимларнинг роли қандай?
18:45 / 21.11.2022