Жамият | 13:44 / 31.10.2017
48306
2 дақиқада ўқилади

Ҳилол Насимовнинг келажакдаги фаолиятига ойдинлик киритилди 

Фото: Ўзбекфильм

Ҳилол Насимов “Ўзбекфильм” АЖ раҳбарлигидан озод этилгани хабар қилинганди.

“Ўзбеккино” МА ахборот хизмати қайд этишича, ушбу хабар баъзи ОАВлар томонидан бошқача талқин қилинган, интернетдаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида нотўғри фикр шаклланишига сабабчи бўлган. Агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев юзага келган вазият юзасидан тушунча берди.

“Таниқли кинорежиссёр Ҳилол Насимовнинг “Ўзбекфильм” киностудияси директорлигидан озод этилди, дегани унинг ижоддан бутунлай узоқлашди деган маънони англатмайди. Зеро, агентлик ахборот хизмати томонидан берилган хабарда ҳам “Насимовнинг бошқа ишга ўтганлиги сабабли”, деб изоҳ берилган. Гап шундаки, Ҳ.Насимовнинг кинорежиссурадаги тажрибаси инобатга олиниб, уни давлат буюртмаси асосида суратга олиниши режалаштирилаётган фильмларга жалб қилиш ва унинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсад қилинган. Жумладан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги жорий йилнинг апрель-июнь ойлари давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги сценарийлар учун танлов эълон қилган эди. Режиссёр Ҳилол Насимов ушбу танловда ғолиб бўлган сценарийлар асосида суратга олиниши режалаштирилаётган бадиий фильмларга жалб қилинганлигини маълум қиламиз”, - деган Шуҳрат Ризаев.

Мавзуга оид