Ўзбекистон | 20:30 / 02.11.2017
38782
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги расмий байрамлар рўйхатида Ҳэллоуин йўқ

Фото: cornwalllife.co.uk

2 ноябрь куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида ташкил этилган матбуот анжуманида айрим хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида пайдо бўлаётган баъзи хабарларга муносабат билдирилди. Хусусан, унда Ҳэллоуин байрами бўйича изоҳлар берилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Пост-патрул хизмати вакили А.Султоновнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг миллий байрамлар ва диний маросимларида дунёнинг турли мамлакатларида нишонланадиган Ҳэллоуин байрами белгиланмаган. Қолаверса, ҳукумат томонидан бундай байрам рўйхатга олинмаган. 

Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатганки, 31 октябрь куни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайган. Султоновга кўра, айрим хорижий ОАВ бонг ураётганидек, Ҳэллоуин байрами тақиқланган дейиш нотўғри. Аксинча, бу байрам Ўзбекистон менталитети, урф-одатлари, диний маросимларида бўлмагани, шунингдек, ҳукумат томонидан байрам сифатида белгиланмагани туфайли нишонланмайди.

Султонов айрим кафе ва ресторанлар 31 октябрда оммавий тадбирлар ўтказиши ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақида эълон бергани, кейинчалик узр сўрагани хусусидаги хабарни ҳам изоҳлади. Унинг айтишича, кафе ва ресторанлар оммавий тадбир ўтказиш бўйича шаҳар ҳокимиятини огоҳлантиради. Агар шаҳар ҳокимияти рухсат бермаса, улар тадбирни бекор қилишга мажбур бўлишади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Нима учун айрим хорижий ОАВ Ҳэллоуин байрами каби ўз одатларига мос тадбирлар Ўзбекистонда нишонланмаслигига шунчалик жиддий эътибор қаратишга, уни жамоатчилик муҳокамасига чиқаришга ҳаракат қилишади? Ахир, ўзбек ОАВ Ўзбекистон миллий байрамлари ёки диний маросимларини хорижда кенг нишонланишини тарғиб ва ташвиқот қилмайди-ку! Ё бўлмаса, улар нишонласмаса, аййуҳаннас, дея жар ҳам солмайди.

Наздимизда, бу ерда байрам сўзи воситасида ғарб дунёқараши, ғарб маданиятини сингдиришга уриниш бор. Нима Ҳэллоуин каби на маъниси, на мазмуни бор байрамларни нишонламасак, бирор нарса салбий томонга ўзгарармиди? Битта ғарбга хос байрам нишонланмаслиги шов-шув кўтаришга арзимайдиган, сариқ чақалик қадри йўқ нарса, аслида. 

Мавзуга оид