Ўзбекистон | 12:50 / 04.11.2017
46215
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали очилди

Фото: ЎзА

Жиззах шаҳрида халқнинг ардоқли фарзандлари, улкан шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия авлодлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, адабиётшунос И.Ғофуров ва бошқалар президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки ардоқли шоир номи билан аталган ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, музей миллий адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшган, халқнинг суюкли фарзандлари хотирасига кўрсатилган алоҳида эҳтиром ифодаси эканини таъкидлади. 

– Бугун ўзбек адабиётининг катта байрами. Ардоқли шоирларимизнинг руҳлари ҳамиша уйғоқ бўлган бизнинг хонадонимизда ҳам шодиёна, – дейди Ҳамид Олимжоннинг невараси Лола Муҳиддинова. – Ўз шоирларини қадрлаган халқ – улуғдир, дер эди Зулфия аямиз. Бугун барчамиз бу икки ижодкорга халқ муҳаббати, эътирофи ва эҳтиромининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу қутлуғ ишга бош-қош бўлган Президентимизга оиламизнинг ёши улуғлари, навқирон авлодлари номидан миннатдорлик билдирамиз. Ишонамизки, бу ёдгорлик мажмуаси ҳамиша адабиёт ихлосмандлари билан гавжум бўлади. 

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев ҳам иштирок этган. 

Мавзуга оид