Жамият | 17:50 / 24.11.2017
17082
2 дақиқада ўқилади

Сайёр суд. Марғилонда уйини қиморхонага айлантирган шахс жавобгарликка тортилди

Марғилон шаҳрининг «Йўрмадўз» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро А.Б. Қўштепа туманида яшовчи бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб ўз турар жойида қиморхона ташкил этган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Фарғона вилоятидан хабар берган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278–моддасида «Қиморхона ташкил этиш ва сақлаш» билан боғлиқ ҳолат бўйича тегишлича жавобгарлик белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан қонун устуворлигини таъминлаш борасида келгусида қиморхона ташкиллаштириш, сақлаш ва унда иштирок этиш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида айнан воқелик аниқланган маҳаллада сайёр суд иши ўтказилди.

Айбланувчининг иши юзасидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ўз уйида - муқаддас қўрғонида қиморхона ташкиллаштириш нафақат қонунлар қолипига, балки одамийлик одобига ҳам ярашмайдиган иш экани таъкидланди.

Қонун тили билан айтганда қиморхона ташкиллаштирган ва унда иштирок этганлар жиноий ва маъмурий жазога тортилади. Сайёр судда маҳалладошлар ҳолат бўйича ўз фикрларини айтиб, олдини олишга доир таклифларини билдиришди. Тўпланган барча материаллар кўриб чиқилгач, суд томонидан инсонийлик тамойиллари олий ўринга қўйилди, айбланувчига нисбатан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ва энг кам иш ҳақининг 20 бараваригача жарима тўлаш жазоси белгиланди.

Хулқ атворида беўхшов ҳаракатлар сезилаётган кишиларга маҳалладошларнинг муросасиз муносабатда бўлишлари тушунтирилар экан, яхшига ёндашиб, ёмондан йироқ юр, деганлари бекор эмаслиги эслатилди.

 

Аҳрор Зиё, Фарғона

Мавзуга оид