Фотоаппарат диафрагмаси каби ишлайдиган том барпо этилди
Американинг Атланта шаҳрида 2014 йилдан бери Mercedes-Benz Stadium ўйингоҳи барпо қилинмоқда. Шу кунларда ноодатий ва дунёда ўзига хослиги бўйича ягона бўлган «баргли» том синовдан ўтказилди. У фотоаппарат диафрагмаси каби ёпилади. Муҳандис-экспертларнинг фикрича, бу том мутлақ фантастик конструкция ҳисобланади. Бунга қадар ҳеч ким уни бундай улкан ўлчовда барпо қилишнинг уддасидан чиқа олмаган.
Ўйин майдонидан 104 метр баландликда ўрнатилган бўлиб, 27500 тонна пўлатдан ясалган. Унинг баргларининг оғирлиги 3500 тоннани ташкил этади. Томнинг ўзи технологик кучи ва мукаммалиги билан кишида ажойиб таассурот қолдиради. Унинг конструкцияси айлана ҳаракат билан ёпилаётганидек туюлса-да, аслида оптик иллюзиядир. Унинг ҳар бир «барги» — алоҳида элемент бўлиб, у бир-биридан мустақил равишда 61 метрлик рельсларда олдинга ва орқага ҳаракатланади, холос.
Унинг ҳаракатланувчи конструкциялари механизациялашган «аравачалар» билан жиҳозланган бўлиб, улар баргчаларни ички рельс бўйлаб ҳаракатга келтиради. Улар ташқи томондан йўналтирувчи ғилдиракли механизмларга мустаҳкамланган. Баргли қисмлар марказда бирлашиб, ўзаро бирлашади ва сув ўтказмайдиган томни ҳосил қилади. 437 тонналик баргларнинг ҳар бирига ўзига хос, жуда мустаҳкам, аммо енгил, шаффоф ва ультрабинафша нурларга чидамли материал – термопластик фторполимердан ясалган уч қаватли ETFE Film (этилентетрафторэтилен) сурилган.
Ушбу материалдан баргларда гўёки ҳаво ёстиқчалари шакллантирилган. Умумий ҳисобда, баргларга ишлов бериш учун 12541 м2 материал ишлатилган.
Натижада том ёпилган вақтда ёруғликнинг стадионга тушишига тўсқинлик қилмайди. Аммо ўйинчилар ва футбол мухлисларини ноқулай об-ҳаво инжиқликларидан ҳимоя қилади.