Жаҳон | 20:33 / 29.11.2017
12849
3 дақиқада ўқилади

Улюкаев устидан суд тергови якуни: Сечин кўрсатмаларисиз 22 килограмм доллар

Фото: РИА "Новости"

Тергов версиясига кўра «Роснефть» раҳбари Игорь Сечиндан 2 миллион доллар пора олганликда  айбланаётган Россиянинг собиқ вазири иши бўйича суд суриштируви сешанба куни якунланди. Нефть компанияси раҳбарининг ўзи жараёнда иштирок этишдан нафақат бош тортди — у суд чақирувига биноан 4 марта терговга келмади, унинг терговда берган кўрсатмаларидан давлат қораловчиси ҳам суд ҳам далил сифатида фойдалана олмайди.

 

21 килою 950 грамм

Қўшимча далилларни баён қилишнинг сўнгги босқичида давлат қораловчиси Борис Непорожний суддан Улюкаев Сечиндан қабул қилиб олган пул солинган сумканинг аниқ вазнини билиш учун тергов эксперименти ўтказишни сўради. Бунинг учун прокурор Ростест инженери Павел Якубовни махсус таклиф этди.

Инженер 60 см энликдаги, 60 килограммгача юк вазнини ўлчовчи тарозини олиб кириб, хатолиги бор-йўғи 30 грамм эканлигини айтган. Тарозини тармоққа улаб, инженер у қизиб олгунча 20 дақиқа кутиш кераклигини айтди.

Непорожний 100 долларлик купюралардан иборат ашёвий далиллар солинган қутини очишни сўрайди. Уларни эҳтиёткорлик билан чарм сумкага солади ва уни полда турган тарозига қўяди.

Инженер сумканинг оғирлиги ичидаги долларлари билан 21 килограмм 950 грамм эканлигини айтади. Шундан сўнг прокурор Улюкаевга Сечиндан шу сумкани қабул қилиб олгани ва нега унинг ичида вино бор деб ўйлагани хусусида беради.

Сумка шу эдими — бошқасими, судланувчи ўша пайт қоронғи бўлганлиги сабабли аниқ айта олмаслигини тушунтирди. Вино деб ўйлаганига сабаб — Сечин унгача унга «ҳали ҳеч қачон татиб кўрмаган вино билан меҳмон қилиши»ни айтгани, шунингдек, сумканинг ҳажми туфайли шундай қарорга келган экан.

 

Сечинсиз

Сумкани тортиш жараёнидан сўнг прокурор Сечиннинг терговдаги кўрсатмаларини эълон қилишни сўради, бироқ ҳимояловчи бунга қарши чиқди — суд ҳам бунга рухсат бермади.

Ҳимояловчилар эса, ўз навбатида, қўшимчалар қўшиш босқичида Сечинни бешинчи марта судга чақиришни сўрашди, бироқ буд буни ҳам рад этиб, томонларни суднинг якунловчи жараёни — музокараларга киришишга чорлади.

Бу босқичда Сечиннинг судга чақиришнинг имкони йўқ. Шундай қилиб, унинг кўрсатмалари судда суриштириб кўрилмаганидан сўнг, на давлат қораловчиси, на судья асосий гувоҳ кўрсатмаларига таяна олмайди, деди журналистларга судланувчининг адвокати.

Музокаралар 4 декабрда бошланади. Шунда давлат қораловчиси Улюкаев учун адолатли деб топган жазони эълон қилади.

Мавзуга оид