Ўзбекистон | 16:02 / 01.12.2017
107476
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ОИТС билан касалланганлар сони маълум қилинди

1 декабрь Халқаро ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан дунёнинг турли шаҳарлари ва давлатларида 21-аср вабосига бағишланган турли анжуманлар, тадбирлар ташкил этилади. Унда бу иллатга қарши курашиш масалалари ҳамда муаммолари муҳокама қилинади. Оммавий ахборот воситалари орқали ҳам касалликка қарши ташвиқот ишлари кучайтирилади. БМТ маълумотларига биноан, бугунги кунда ОИТС/ОИВ касаллиги инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган хасталиклар орасида 5-ўриндадир. Касаллик билан яшаётганлар сони дунё бўйлаб 35,7 млндан ортиқни ташкил этади. 

KUN.UZ мухбири ҳам Халқаро ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори, профессор Нурмат Отабековга мурожаат қилди. 

Унинг маълум қилишича, ОИТСга чалинганлар сонини ва бу касаллик билан боғлиқ эпидемиологик ҳолатни баҳолашда ҳар 100 минг киши ҳисобига тўғри келадиган касалланганлар сони олинади. 

Отабековнинг сўзларига кўра, бу борада Ўзбекистондаги ҳолат бирмунча барқарордир. Ҳозирда, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолидан 102 киши ушбу юқумли касалликка чалинган. Бу Ўзбекистонда тахминан 32 минг 500 атрофида ОИТС/ОИВ билан хасталанган бемор борлигини билдиради (тахминий ҳисоб таҳририятники). Қиёслаш учун айтиладиган бўлса, Россияда бу рақам 500 ни, Украинада 280 дан ортиқни ташкил этади. 

Шу билан бирга, Отабеков Ўзбекистонда ушбу касалликни аниқлаш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани юзасидан ҳам маълумотлар берди. Унинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон аҳолисининг салкам 11 фоизи, яъни 3,4 млн киши ОИТС/ОИВ таҳлилидан ўтади. Бунда хорижий мамлакатларда бўлиб келган ўзбекистонликлар орасида ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Отабеков қайд этганидек, ҳар йили текширилаётганларнинг 300 мингдан ортиғи хорижда бўлиб қайтаётганлар бўлса, уларнинг касалликка чалинганларининг 75-80 фоизи ОИВни жинсий йўл билан юқтирмоқда. 

Шундан хорижда бўлиб, ушбу касалликни юқтириб келганларнинг 69 фоизи Россияда ишлаб қайтган меҳнат муҳожирлари, 16 фоизи Қозоғистонда бўлиб қайтганлардир. Ўзбекистонда илк бор ушбу касаллик 1987 йили Тошкент ОТМда таҳсил олувчи африкалик талабада аниқланган. 1989 йилда Африка мамлакатларидан бирида ишлаб келган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳам ушбу касалликка чалингани таҳлиллар натижасида маълум бўлган. 

“Ўзбекистонда, - дейди Нурмат Отабеков, - шу йиллар мобайнида ОИТС/ОИВга қарши кураш мақсадида 3 марта янги таҳрирдаги қонун, 3 марта стратегик дастур ва 3 марта давлат дастурлари қабул қилиниб, муваффақиятли амалга оширилган. Бунинг учун давлат бюджетидан 40 млн доллар, бошқа хорижий грантлар асосида 100 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Шунга кўра, парентрал юқиш ҳолатлари (тиббий муолажа орқали) кескин камайишига эришилган. Бундан ташқари, ОИТС билан касалланган онадан болага юқиш ҳолати камайган. Бугунги кунда шу каби оналардан дунёга келаётган чақалоқларнинг 99,7 фоизи соғломдир. Бироқ сўнгги 10 йилда жинсий йўл билан ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари 7 бараварга ошган”. 

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон 2019 йилда ЖССТнинг ОИТС билан хасталанган онадан соғлом фарзанд туғилиши кўрсаткичи бўйича энг юқори натижа қайд этувчи мамлакатлардан бири бўлишга асосий даъвогарлардан биридир. 

Толиб Раҳматов

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид