Жаҳон | 10:20 / 03.12.2017
16193
2 дақиқада ўқилади

NASA 20 млрд километр узоқликдаги кема двигателини ишга тушира олди

NASA олимлари 1977 йилда коинотга учирилган “Вояжер-1” сайёралараро кемасини яна ишга тушира олишди. Қизиғи, кема ҳозир Ердан 20 млрд километрдан узоқроқ масофада жойлашган. Бу ҳақда NASA сайтида маълум қилинди.

Охирги марта кема двигатели 1980 йилда ишга туширилган. “37 йил ишламаган бу двигателлар билан биз “Вояжер-1” коинот кемаси хизмат қилиш муддатини яна 2-3 йилга узайтира оламиз”, деб айтган NASA ходими Сюзанна Додд.

Двигателларни кемани унинг антенналари Ерга қарайдиган қилиб тўғрилаш учун қўллаш режалаштирилмоқда. Кемага Ердан узатилган сигнал 19 соату 35 дақиқада етиб борган.  

Двигателларни ёқишга буйруқ 28 ноябрда берилган. Бу топшириқ муваффақиятли амалга ошгани кейинги кунга, кемадан жавоб олингандан кейин маълум бўлган. Олимлар бу жараённи амалга ошириш учун кеманинг эскириб қолган дастурлаш тилида ёзилган дастурий таъминоти ҳақидаги ҳужжатни ўрганиб чиқишди. 

Станция дастлаб Юпитер ва Сатурн сайёраларини ўрганиш учун мўлжалланган бўлган. Кема бу сайёралар йўлдошларини батафсил суратга олган биринчи қурилма бўлган. Кеманинг Юпитер билан максимал яқинлашиши 1979 йил 6 июнда юз берган.

2013 йил сентябрда NASA кема Қуёш тизими сарҳадларини тарк этиб, юлдузлараро бўшлиққа кирган илк сунъий йўлдош бўлганини эълон қилган. Станция бортида ўзгасайёраликлар учун сайёрамизнинг жойлашган ўрни кўрсатилган ҳамда бир нечта тасвир ва товушлар ёзилган олтин пластина бор.

Мавзуга оид