Фаластин АҚШ вице-президентини қабул қилишдан бош тортди
Фаластин раҳбарияти Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши ва АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг у ерга кўчирилиши қарорига нисбатан норозилик сифатида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билан учрашишдан бош тортди. Бу ҳақда Фаластиннинг ФАТҲ ҳаракати вакили Жаброил Ражубга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
“Биз босиб олинган Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишига жавобан АҚШ вице-президентини Фаластин ҳудудида қабул қилмаймиз”, деб айтган Ражуб.
АҚШ президенти Дональд Трамп 6 декабрда Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олди ва АҚШ давлат департаментига элчихонани Тель-Авивдан у ерга кўчиришни бошлаш вазифасини топширди. АҚШ конгресси Ал-Қудс бўйича ушбу қарорни 1995 йилдаёқ чиқарган, бироқ аввалги президентлар тегишли ҳужжатни имзоламай келганлар. БМТда таъкидланишича, ушбу масалани Исроил ва Фаластингина ҳал қила олади.