Жаҳон | 10:29 / 14.12.2017
10695
2 дақиқада ўқилади

60 млрд доллар. Disney жуда йирик ва кутилмаган харидга яқин

Фото: Reuters

The Walt Disney Company компанияси 21st Century Fox ҳолдинги активларини тахминан 60 миллиард долларга харид қилишга яқин турибди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасининг электрон версияси хабар берган.

Унинг манбалари маълумотига кўра, келишув ҳақида расман бугун ёки эртага эълон қилишлари мумкин. Уни 21st Century Fox тузилмаларида бўлган қарздорлик ҳисобга олинган ҳолда 60 миллиард долларга баҳолашмоқда. 21st Century Fox сармоядорлари транзакция якунлари бўйича, тахминларга кўра, The Walt Disney Company’нинг 25 фоизлик улушига эгалик қилади.

Нашрнинг таъкидлашича, The Walt Disney Company’га ўтадиган активлар орасида Twentieth Century Fox кино ҳамда телестудияси, қатор кабель каналлар, жумладан спорт йўналишидагилар ҳам бор. Fox News телеканали, қатор бошқа каналлар, шунингдек Калифорния штатининг Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган компания студияси эса сотилмайди.

Газета маълумотларига кўра, айни дамда 21st Century Fox'га эгалик қилувчи Руперт Мердок келажакда 21st Century Fox’нинг келишувдан сўнг қолган активларини ўзининг News Corp компанияси билан бирлаштириш ниятида. Сўнггиси, ўз навбатида, The Wall Street Journal газетасининг эгасидир.

Нашр маълумотига кўра, The Walt Disney Company компанияси томонидан 21st Century Fox активларининг сотиб олиниши, унга тармоқли мультимедия сервислари бозоридаги ўз позицияларини анча мустаҳкамлаш имконини беради. Мақолада айтилишича, транзакция шунингдек The Walt Disney Company’га Netflix видеосервиси билан анча самарали рақобат қилишга ҳам ёрдам беради.

Мавзуга оид