Жамият | 12:50 / 31.12.2017
34877
4 дақиқада ўқилади

Қайнотаси судланган йигит ҳарбий соҳага ишга кириши мумкинми?

САВОЛ: Менинг акам 2010–2011 йилларда Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган. Кейинчалик оилавий шароити туфайли 5 йиллик шартномани ўз аризасига мувофиқ бекор қилган. Акам яна ҳарбий соҳага кирмоқчи бўлди, лекин устозлари олий ўқув юртини битиришни маслаҳат берди. Акам ТАТУнинг телекоммуникация факультетига ўқишга кирди ва уни  2015 йил битирди. Афсуски, ўқиш даврида акамнинг қайнотаси жиноий жавобгарликка тортилди. Шу сабабли акам ўқишни тамомлагач, ўзи қизиққан сохада ишини давом эттира олмади. Акам ҳарбий алоқачи бўлгани учун ТАТУнинг телекоммуникация факультетида ўқиганди. Сўнг бошқа жойларда иш қидириб топа олмади. Акам оилали, бир нафар фарзанди бор. Оилавий шароити туфайли шу йилнинг бошида Россия Федерациясига ишлагани кетди. Хозирда у ерда қонуний патент асосида қурилиш фирмасида ишлаяпти. Саволим шундан иборатки, Президентимизнинг «судланганлиги учун яқин қариндошлар бир-бирига жавоб бермайди», деган нутқлари акамнинг ҳозирги муаммосини ҳал қила оладими? Яъни, акам Россиядан қайтиб келса, хоҳлаган ва қизиққан ишга кира оладими? 

Аброр Холмаматов.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомнинг 41-бандида контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган шахснинг аризаси қаноатлантирилмасдан қайтариб юборилишига асос бўлувчи ҳолатлар ёритиб берилган.

Хусусан, ушбу низомнинг 82-бандида ҳарбий хизматга кириш учун қуйидаги ҳолларда фуқаролар билан контракт тузишга йўл қўйилмайди: ихтиёрийлик асосида ҳарбий хизматга кириш учун имкон берувчи белгиланган ёшга етган бўлса; соғлиги ҳолати туфайли ҳарбий хизматга яроқсиз бўлса; иши юзасидан суриштирув ёки дастлабки тергов олиб борилаётган бўлса; унга нисбатан жиноят иши судда кўрилаётган бўлса; содир этган жинояти учун илгари судланган бўлса, жазо чораси, судланганлик ҳолати тугаллангани ёки судланганлиги олиб ташлангани ва амнистия акти қўлланганидан қатъи назар; илгари ҳарбий хизматдан хизматга нолойиқлиги туфайли бўшатилган бўлса; назорат органлари билан (номзоднинг ўзи ва яқин қариндошларининг махсус текшируви) келишувдан ўтмаган бўлса; яшаш ва иш жойидан салбий тавсифланган тақдирда», деб кўрсатилган.
Қонунчиликда яқин қариндошларнинг судланганлик ҳолати контракт асосида ҳарбий хизматга киришга тўсқинлик қилувчи жиҳат сифатида кўрсатиб ўтилмаган. Шундай бўлса-да, низомнинг 87-бандида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик (идора) ва фуқаронинг келишуви асосида ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қўшимча шартлар белгиланиши мумкинлиги баён қилинган.

Саволга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг масъул ходими Музаффар Мақсудов жавоб берди. 

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.
 

Мавзуга оид