Жаҳон | 08:09 / 13.01.2018
5634
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Delta IV ракетаси разведкачи сунъий йўлдош билан бирга учирилди

Фото: NASA

Delta IV ракета-ташувчиси АҚШ разведкаси учун мўлжалланган сунъий йўлдош билан бирга Калифорниядан учирилди. Ракета парвози United Launch Alliance (ULA) компанияси томондан бошқарилган.

Ракетага Тошкент вақти билан 13 январь соат 03.11да Ванденберг космодромидан старт берилган. Аввалроқ ракета старти об-ҳаво ва техник носозликлар сабабли икки марта қолдирилган.

Парвоз NROL-47 миссияси доирасида АҚШ миллий разведка бошқармаси буюртмасига кўра амалга оширилди. Сунъий йўлдошнинг учирилишидан мақсад ва унинг техник кўрсаткичлари махфийлаштирилган. Шуниси маълумки, у миллий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Миссия “америкалик ҳарбийларнинг зарур бўлганда операцияларни ўтказиш учун бутун дунё бўйлаб разведка маълумотларини олишларига” қаратилган.

Бундан аввалроқ SpaceX компанияси Zuma махфий сунъий йўлдоши парвозини амалга оширганди. Бироқ қурилма белгиланган орбитага олиб чиқилмаган ва қўлдан бой берилган. Пентагон бунга изоҳ беришни истамаган, SpaceX эса сунъий йўлдошни олиб чиққан ракета-ташувчи соз ҳолатда бўлганини айтган, бироқ сунъий йўлдош йўқолгани ҳақида хабарни на тасдиқлаган ва на инкор этган. 

Мавзуга оид