Иқтисодиёт | 15:00 / 21.01.2018
20321
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон нефть захиралари миқдори маълум қилинди

Жаҳон нефть захиралари ҳозирга келиб 118 миллион баррелдан ошди, бу эса ўртача беш йиллик кўрсаткичлардан баланддир. БАА Энергетика вазири Суҳайл Ал-Мазруий шу ҳақида маълум қилди.

"Бизда ўртача беш йиллик кўрсаткичдан баланд ҳисобланган 118 миллион баррелдан ортиқ захира бор. Ишлашда давом этишимиз керак", - деди у OPEC+ мониторинг қўмитаси йиғилишида сўзлар экан. 

Жаҳондаги нефть ва нефть маҳсулотлари тижорий захирасини сўнгги 5 йилдаги ўртача кўрсаткичларгача камайтириш OPEC+'нинг нефть қазиб олишни қисқартиришга доир келишувининг асосий мақсади ҳисобланади. 

Ал-Мазруий шунингдек БАА келишув шартларини тўлиқ бажараётганини таъкидлади. 

OPEC ва унинг таркибига кирмайдиган қатор мамлакатлар (OPEC+) 2016 йилнинг охирида Венада нефть қазиб олишни 2016 йил октябрь даражасидан суткасига 1,8 миллион баррелга қисқартиришга келишиб олишганди. 2017 йилнинг ноябрида келишув иштирокчилари уни 2018 йилгача узайтиришди. OPEC'нинг кейинги саммити 2018 йилнинг 22 июнида Венада бўлиб ўтади. 

Келишувга риоя қилишни назорат қилиш ва уни тузатишга доир тегишли тавсиялар ишлаб чиқариш учун икки ойда бир йиғилувчи вазирлар мониторинг қўмитаси тузилди. Унга Саудия Арабистони, Венесуэла, Кувайт, Жазоир, Уммон ва Россия вакиллари киради. Бугун, якшанба куни Уммонда мониторинг қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Мавзуга оид