Жаҳон | 14:50 / 27.01.2018
38329
2 дақиқада ўқилади

Саудиялик шаҳзода ҳибсдаги ҳашаматли ҳаёти ҳақида гапириб берди

Фото: AP

Саудия Арабистонида коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган миллиардер Ал-Волид ибн Талол қамоқда ўзини худди уйдагидек ҳис қилмоқда ва ўзи билан яхши муносабатда бўлишаётганини айтди. У люкс даражадаги меҳмонхона хонасида яшамоқда ва гўштсиз таомлар билан овқатланяпти. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида мамлакатда коррупцияга қарши кенг кўламли рейдлар ва ҳибсга олишлар рўй берди, шаҳзода ҳам унинг доирасида ушланган. У ўтган ойлар давомида матбуот билан мулоқотга киришмади ва энди ўзининг қамоққа олинганидан бери илк интервьюсини беришга қарор қилди.

Агентликнинг таъкидлашича, ибн Талол подшоҳлик оиласининг қўлга олинган бошқа ўнлаб аъзолари билан биргаликда Ар-Риёддаги «Ритц Карлтон» меҳмонхонасида яшамоқда. Унинг ихтиёрида нечта хона борлигига аниқлик киритилмаган. Reuters фақат кабинет, ошхона ва овқатланадиган хонани тилга олди. «Мен ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман, сабаби ўз давлатим, ўз шаҳримдаман, бу ерда мен худди уйдагидек аҳволдаман. Бу менга ҳеч қандай ноқулайликлар келтириб чиқармаяпти», - дея аниқлик киритган миллиардер.

Саудия подшоҳининг қариндоши интервью давомида яқин вақт ичида уни тўла оқлашлари ва эркинликка чиқишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ўзига қарши ҳеч қандай айбловлар қўйилмаган. «Мен ва ҳукумат ўртасида муҳокама учун баъзи мавзулар бор, улар ҳақида ҳозирча маълумот бера олмайман», - дея қўшимча қилиб ўтган шаҳзода.

Мавзуга оид