Жаҳон | 17:20 / 17.12.2024
13255
2 дақиқада ўқилади

Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди

Ли Жианпин ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, қарийб 2 миллиард доллардан ортиқ давлат маблағларини ўзлаштирган. Бундан ташқари, 800 миллион долларга яқин пора олган.

Фото: Хитой Олий халқ суди

Хитой Коммунистик партияси Хух-хото шаҳрининг иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси ишчи қўмитаси собиқ котиби Ли Жианпин Хитой Олий халқ суди томонидан тасдиқланган ҳукмга кўра қатл этилди. Бу ҳақда CCTV хабар берди.

Ўлим жазоси Синъан округи суди томонидан амалга оширилди. Ли Жианпин коррупция, пора олиш, давлат маблағларини ўзлаштириш ва жиноий фаолиятга кўмаклашишда айбдор деб топилган эди.

2022 йил сентябрида Синъан округи суди уни ўлимга, барча мол-мулкини мусодара қилишга ва умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилишга ҳукм этди. 2024 йил август ойида Ички Мўғулистон Олий суди дастлабки ҳукмни ўз кучида қолдириб, Жианпиннинг апелляциясини рад этди.

Тергов хулосаларига кўра, Ли Жианпин ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, 14,37 миллиард юандан (қарийб 2 млрд АҚШ доллари) ортиқ давлат маблағларини ўзлаштирган. Бундан ташқари, 5,77 миллиард юандан (800 млн доллар) ортиқ пора олган, шунингдек, 10,55 миллиард юанлик (1,5 млрд доллар) бюджет маблағларини ноқонуний ишлатган.

Хитой Олий халқ суди Ли Жианпин жиноятларининг давлат ва жамият учун айниқса оғир оқибатларини ҳисобга олиб, ўлим жазосини тасдиқлади.

Ноябр ойи охирида Хитой суди собиқ партия котиби ва Bank of China директорлар кенгаши раиси Лю Лянгени коррупция ва ноқонуний кредитлар беришда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилган эди.

Мавзуга оид