Ўзбекистон | 10:40 / 01.02.2018
98392
7 дақиқада ўқилади

Президентнинг виртуал қабулхонаси янгиланди

Фото: President.uz

1 февралдан президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини pm.gov.uz интернет манзилида тест режимида ишга тушди, унда ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилган.

ЎзА’нинг ёзишича, виртуал қабулхонанинг янги дастурий тизимида фуқароларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам берилишини таъминловчи «Онлайн маслаҳатчи» модули яратилди. Бу модул «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Бунда турли тармоқлар ва фаолият соҳалари бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этилган малакали мутахассислар жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериб бориши ва мазкур хизмат шу йил 15 февралдан бошлаб тест режимида ишга туширилиши кўзда тутилган.

«Онлайн маслаҳатчи» хизмати виртуал қабулхона орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Эндиликда у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутиш зарурати қолмайди. Бу ўз навбатида порталда рўйхатга олинаётган, фақат ҳуқуқий маълумот олиш назарда тутилган мурожаатлар сони қисқаришига, давлат органларида бошқа турдаги мурожаатлар билан ишлаш сифати ошишига хизмат қилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжлари тезкор равишда таъминланишига эришилади. “Онлайн маслаҳатчи” модули орқали кўп бериладиган саволлар мунтазам таҳлил қилиниб, шу асосда “Кўп бериладиган саволлар” бўлими тўлдириб борилади.

Шунингдек, «Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу билан pm.gov.uz манзилида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ягона базада жойлаштирилди. Яъни, давлат органлари раҳбарларининг фуқаролар қабулига доир маълумотлар – қабул кунлари, вақти, тегишли телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, давлат органининг манзили ҳақидаги маълумот бир жойда жамланди.

Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган масала учун қайси давлат органи масъул экани борасида етарли билимга эга бўлмайди. Шу боис мазкур модулда алоҳида «Функция ва вазифалар» бўлими ташкил этилиб, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.

«Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва бошқа фойдали материаллар қулай тартибда тақдим этилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлар керакли Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитаси орқали топиши мумкин. Алоҳида олинган Халқ қабулхонасининг жойлашган манзили онлайн харитада ёки сунъий йўлдошдан суратга олинган харита режимида кўрсатилган.

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида фуқаро мурожаат юбориш жараёнида ўзи истиқомат қилаётган маҳаллани ҳам кўрсатиб ўтиши учун имконият яратилди. Бу муаммога ечим топиш даражасини янада оширади. Шу йўл билан мурожаатда кўтарилган муаммо муайян ҳудуддаги қайси секторга тааллуқли экани аниқланади. 

Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.

Энди порталда фуқаролар ўз мурожаатини юборишдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, мурожаат маданиятини юксалтиришга туртки беради.

Шу пайтга қадар айрим мурожаатчилар томонидан мурожаат юбориш жараёнида бошқа шахсларга тегишли бўлган ёки умуман мавжуд бўлмаган телефон рақамини кўрсатиш, бошқа фуқаролар номидан мурожаат юбориш ҳолатлари учраб турарди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш муайян вақт ва ресурсларни талаб қилишини, аниқ мақсадсиз мурожаат учун сарфланган вақтни бошқа асосли ариза ёки шикоят устида ишлашга йўналтирган ҳолда муаммони ҳал қилиш фуқаролар учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканидан келиб чиқиб, янги тизимда мобиль телефон рақамини тасдиқлаш механизми жорий этилди.

Бунда мурожаатчи махсус мурожаат шаклига ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Бу барча давлат органларининг виртуал қабулхоналари фаолиятига ҳам татбиқ этилади.

Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорлар ўз мурожаатлари кўриб чиқилишининг жорий ҳолатини исталган вақтда базага махсус рақамни киритиш йўли билан текшириб кўриш имкониятидан фойдаланиб келаётган эди. Янги талқиндаги тизимда мурожаатнинг қабул қилингани ва назоратдан ечилгани тўғрисида тасдиқланган мобиль телефон рақамига СМС-хабарнома юборилиши йўлга қўйилмоқда.

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти, ижобий ҳал этилган масалалар, виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари тўғрисидаги янгиликлар билан янада кенгроқ танишиш имконияти яратилди. Порталга келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сонини, статистик маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.

Мавзуга оид