Light | 00:42 / 05.02.2018
35506
10 дақиқада ўқилади

Наполеондан пиар сабоқлари. Мукаммал раҳбар имиджини қандай яратиш мумкин?

Фото: Getty Images

Наполеон жамоатчилик фикрини моҳирона бошқаришнинг уддасидан чиққан ва бу охир-оқибат уни тахт сари етаклаган. Императорнинг кўп усулларини бугунги кунда ҳам қўллаш мумкин. Forbes Наполеон мисолида мукаммал раҳбар қиёфасини яратишга доир тавсиялари билан бўлишди.  

Наполеон Бонапартни PR ва тарғибот даҳоси ҳисоблашади. Император қўпол кучдан кўра ақл-идрок устидан ҳукмронлик қилиш яхшироқ натижа беришини жуда яхши билган. Наполеон барчани ўзига жалб қилишнинг уддасидан чиққан. У жамоатчилик фикрини моҳирона бошқарган — миллионлаб французлар уни кўкларга кўтаришган. Унинг ўзи эса шундай деган: "Жамоатчилик фикри — бу тулпор, у баъзан жиловлашга тўғри келадиган даражада қайсар бўлиши мумкин".

Наполеон икки аср аввал яшаб ўтган бўлса-да, унинг имиджни яратиш усулларидан ҳануз фойдаланишади. Хўш, император пиарининг муваффақияти нимада бўлган ва ундан ўзимиз учун қандай фойдали жиҳатларни олишимиз мумкин?

Ҳар қандай омма учун "қадрдон"

Наполеон ҳар қандай омманинг "қадрдони" бўлган. У ўз нутқлари ишончли жаранглаши учун аскарлар олдида фақат ҳарбий кийимда намоён бўлган. Тахтга ўтириш тантанасида унинг эгнида дафна гулчамбари ва қироллик кийимлари бўлган, бу унинг мутлақ ҳукмронлигини билдирарди. Шу тариқа Наполеон олдига қўйган мақсадларига қараб ўз имиджини назорат қилишга муваффақ бўлган. У жангда ғолиб бўлиб, оддий аскарларнинг эҳтиромига сазовор бўлиши керак бўлган — ҳарбий кийимини кийган. Зодагонлар орасида эса, аксинча, сўзсиз миллат етакчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши талаб қилинарди.

Шундай экан, агар сиз ахборот тизимидагиларнинг тадбирига бормоқчи бўлсангиз, ўта жиддий костюм-шим кийишга ҳожат йўқ, уни ишбилармонлар билан учрашувлар учун олиб қўйинг. Суратлар масаласида ҳам шундай - агар сиз муайян йўналишда иш олиб борувчи ОАВда чиқаётган бўлсангиз, аудитория, бошқа муаллифлар, соҳа етакчиларини ўрганинг, уларнинг қандай кийинганига эътибор беринг.

Фақат яхши нарсалар ҳақида сўзланг

Наполеон газета ва журналларнинг нақадар фойдали эканини тез тушуниб етган. Буюртмага ёзилган мақолалар мамлакатнинг муҳим муаммоларини четлаб ўтарди, у қадар аҳамиятга эга бўлмаган муваффақиятлар эса оммага намойиш қилинган. Яхши танланган мавзулар ва сюжетлар сабаб Бонапарт муаммоли вазиятларда жамоатчилик фикрини усталик билан бошқара олган.

Наполеондан кишилар онгини манипуляция қилишга доир уч усул:

  • Маълумотлар билан бўлишманг;
  • Тарихни бироз сохталаштиринг;
  • Муайян ҳодисалар ҳақида сўз очманг.

У шундай деган: "Ҳар сафар ҳукумат учун ёқимсиз воқеа содир бўлганида у омма орасида кенг тарқалмагунга қадар у ҳақида баёнот берманг". Оддий ҳолат: масалан, сиз — интернет-провайдерсиз, пудратчиларнинг хатоси туфайли сизнинг серверда жиддий носозлик рўй берди, хизмат кўрсатиш рад этилди ёки шунга ўхшаш воқеа. Натижа эса — барча мижозларингизда интернет ўчган. Мижозларнинг фақат хат ва қўнғироқларига жавоб беринг, рўй берган ёқимсиз воқеани очиқ манбаларда чоп этманг, ваҳима уруғини сочманг.

Муаммони ҳал қилмай туриб, ОАВ билан гаплашманг. Фақат ишлар ўз ўрнига туша бошлаганидан кейингина аниқ сабаб, натижалар ва қабул қилинган қарорлар билан бўлишасиз. Маълумот ОАВга чиққунига қадар сизда муаммоларни тинч ва сездирмай ҳал қилиш имкони мавжуд бўлади. Бундай ёқимсиз ҳолатлар пиар учун яхши сабаб эмас. Агар сизда бундан ташқари бошқа қизиқ маълумот бўлса, уни оммага тақдим этишнинг айни вақти, бу сизга ОАВ эътиборини бошқа томонга қаратишга ёрдам беради.  

Хайрия билан шуғулланинг

“Яхшилик қилинг ва уни сувга ташланг!” тамойили Наполеонга тўғри келмаслиги аниқ. Камтарлик —унутилиш йўли.

“Наполеон Яффодаги вабо билан касалланганлар шифохонасида” картинаси император буюртмасига биноан ишланган. Бонапарт санъат асарлари ёрдамида замондошларининг кўз ўнгида меҳр-мурувватли ва жасур ҳукмдор сифатида гавдаланишни истаган. Император ўзининг беморлардан кўзини олиб қочувчи аъёнлари фонида оддий одамлар ва уларнинг дардига ҳамдард ҳамда ғамхўр инсондек тасаввур уйғотарди.

Агар бу санъат асари сизга ҳақиқатдан йироқ картинани кўрсатаётган бўлса, реал ҳаётда бировга яхшилик қилишингизга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Нотижорий фондлар ва болалар уйлари доим ёрдамга муҳтож. Уларнинг лойиҳаларида иштирок этинг, муҳтожларга доимий ёрдам кўрсатаётганингизни намойиш қилиш учун суратга тушинг ёки репортаж беринг. Ижтимоий пиар — ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги тарғиботнинг энг машҳур шаклларидан бири. Бундай фаолият икки томон: компанияга ҳам, муҳтожларга ҳам ёрдам беради ва умуман, бировга ёрдам қўлини чўзиш – савоб.

Наполеоннинг ижтимоий тармоқлари

1815 йилда император инглизларга асир тушганда қизиқ воқеа рўй берган. Наполеон кемада, Буюк Британия қирғоқлари яқинида ҳибсга олинган. Қизиқувчан инглизлар буюк саркардани шахсан кўргилари келган, бироқ у шу ерда ҳам ғаройиб йўл тутган. Бонапарт оммага кўриниш бериш ўрнига денгизчидан қора тахтага бўр билан ёзилган ёзувларни қўйишни сўраган. Қизиқувчилар шу тариқа императорнинг қачон дам олаётгани, қачон овқатланаётгани ёки палубада сайр қилаётганини билиб олишлари мумкин эди. Камдан-кам ҳолатларда Наполеон омма олдида кўриниш берган ва уларга қарата қўл кўтариб қўйган, шу пайт “томошабинлар” уни қарсаклар билан олқишлашарди.

Агар икки аср илгари Наполеоннинг Facebook ёки Instagram’да аккаунти бўлганида эди, эҳтимол, у ўз саҳифасини фаол юритган бўларди. Ижтимоий тармоқларда ҳаётингиздаги янгиликлар билан бўлишишни унутманг. Ўз саҳифасини маҳорат билан юритувчилар у ерда анчагина фанат ва ҳамфикрларга эга бўлган. Одамлар порталларда расмий изоҳларни ўқигандан кўра, оддий ҳаётда қандай инсон эканингизга кўпроқ қизиқишади. Сизнинг саҳифаларингиз шахсий ОАВга айланиши мумкин, у ерда фақат сизнинг позициянгиз ва таҳририй сиёсатингиз юритилади.

Одамларга яқин бўлинг

Бир куни Мисрдаги уруш вақтида император намойишкорона отдан воз кечди ва саҳро бўйлаб бутун армиянинг олдида пиёда ҳаракатланди. У шу тариқа нафақат мамлакат, балки бутун армия меҳр-муҳаббатини қозонди. Аксарият аскарлар кейинчалик, ҳатто Наполеон тахтдан воз кечганида ҳам унга содиқ қолишди.

Оммавий тадбирларда бўлганингизда бошқалар билан бир қаторда фаоллик кўрсатишга ҳаракат қилинг. Хайрия марафонига нотиқ сифатида келган бўлсангиз, тадбирнинг муҳимлиги ҳақидаги икки оғиз сўз билан чегараланмай, иштирокчилар билан бирга югуришга ҳаракат қилинг. Агар оддий ҳашар бўлса, энг охирида келиб мақтаб қўйиш билангина чекланмай, қолганлар билан бирга меҳнатга киришинг.

Ўзингизни қолганлардан устун тутмай, одамларга яқин бўлишга ва ўзингизни улар қатори тутишга ҳаракат қилсангиз сизга бўлган ишонч ва ҳурмат чексиз бўлади.

Мақсадли аудиторияга ҳамдард бўлинг

Наполеон Италиянинг оддий генерали бўлган вақтларидаёқ аскарларни бўлғуси жангларга илҳомлантириши керак бўлган. Бўлғуси император ўзи, мамлакат ёки олий миссия ҳақида эмас, аскарларнинг муаммолари ҳақида гапириш кераклигини яхши билган. У ўз сўзларини қоғозларга тушириб, уларни тарқатишни буюрган: “Аскарлар! Сизларнинг на этикларингиз, на мундирларингиз ва на кўйлакларингиз бор. Сиз тўйиб нон ҳам ея олмайсиз, омборларимиз эса бўм-бўш. Душманларимизда эса егулик кўп. Уларнинг барини қўлга киритиш сизларга боғлиқ. Сизлар буни истайсиз ва буни уддалай оласиз!”

Бонапарт ҳар бир гуруҳ билан унга яқин мавзуларда суҳбатлашган. Аскарлар билан — пул ва озиқ-овқат ҳақида, офицерлар билан — ғалаба ва шон-шуҳрат ҳақида, ёв амалдорлари билан — солиқлар ва коррупция ҳақида. Кейинчалик у ўз армияси учун икки “корпоратив” газеталарни чиқариб, улар орқали муҳим янгиликлар тақдим этиб борган, тарғибот ишларини йўлга қўйган.

Наполеоннинг рақиблари ва эгаллаб олган ҳудудларидаги тинч аҳоли билан ҳам худди шундай, у уларнинг ҳар бирини ўз иттифоқдошига айлантиришга ҳаракат қилган ёки ҳеч бўлмаганда нейтралитетни сақлашга кўндирган.

Ижтимоий тармоқларда ёки чиқишларда ўз аудиториянгиз билан суҳбатда шу тажрибани қўлланг. Фақат ўзингиз учун эмас, улар учун муҳим бўлган нарсалар ҳақида ҳам сўзланг.

Шахсни улуғлаш

Наполеон Бонапарт номи яна шуниси билан машҳурки, у ўз ҳарбий ва сиёсий карьерасининг бошиданоқ ўз шахсини кўкларга кўтариш чораларини кўрган. Ҳар қандай ғалабасидан кейин француз генераллари эмас, Наполеон буюк саркарда дея эътироф этиларди. Бу Францияда жамоатчилик фикрини назорат қилишга ёрдам берарди. Унинг шахси машҳур бўлишига шунингдек ОАВ, салонларда тарқалган миш-мишлар ва ҳатто сувенир маҳсулотлар (машҳур жанглар акс этган миниатюралар) ҳам ёрдам берган.

Наполеондан ўрганишга арзийдиган асосий жиҳат — аввал раҳбар ҳақида, ана ундан кейингина унинг компанияси ҳақида гапиришларига эришинг. Одамлар компанияни унинг раҳбари билан боғлашади. Бунга яққол мисол сифатида Стив Жобс ёки Илон Маскни келтириш мумкин.

Барча усуллардан биргаликда фойдаланган Наполеон жамоатчилик фикрини моҳирона бошқаришнинг уддасидан чиққан ва бу охир-оқибат уни Франция тахтигача олиб келган, император халқнинг меҳр-муҳаббатини қозонган. Бу усуллар бугунги кунда ҳам компаниялар раҳбарларига машҳурлик олиб келади ва уларнинг ҳар бири ўз фанатлари ва издошларига эга бўлишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид