Фан-техника | 20:00 / 07.02.2018
11935
2 дақиқада ўқилади

Tesla Model X автомобили Саҳрои Кабирни кесиб ўтган илк электрокар бўлди 

Tesla Model X кроссовери Саҳрои Кабир чўлини кесиб ўтган биринчи электромобил бўлди. Модел буни Венгрия пойтахтида бошланиб, Мали пойтахтида якунланадиган “Будапешт-Бамако” пойгаси доирасида амалга оширди. 

Икки хорватиялик Саша Цветоевич ва Олег Маштруко бошқарган электромобил умумий ҳисобда 8600 кмдан кўпроқ йўл босган. Бунга экипажга 16 кун талаб этилди. 

Пойга вақтида машина аккумуляторлари бензинда ишловчи генератор ҳисобига қувватланиб турди. Генератор техник хизмат кўрсатиш машинаси сифатида қўлланган Dacia автомобилида олиб юрилган. 

Жамоа шунингдек имконият пайдо бўлганда маҳаллий электр тармоқлардан қувватланишга ҳаракат қилди, бироқ инфратузилма ҳар доим ҳам бунга имкон бермаган. Экипаж Марокашда Tesla фанатлари томондан ўрнатилган электромобиллар учун қувватлаш воситасини топиб, аккумуляторларини ундан қувватлаб олган.

Экипаж Model X’нинг қайси версиясида ҳаракатлангани маълум қилинмаган. АҚШда модел P75, P100 ва P100D модификацияларда таклиф қилинади. Уларнинг бир қувватланишда босиб ўтадиган йўли мос равишда 380, 470 ва 460 км ни ташкил қилади.

 

Мавзуга оид