Жамият | 22:45 / 20.02.2018
18950
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда вилоят миқёсида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Бугун Самарқандда вилоят ҳокимилиги ва вилоятдаги идоралар ҳамда ташкилотлар ташаббуси билан бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги 461 та турли корхона ва ташкилотлар 2368 та бўш ишчи ўринларини таклиф этишди.

Айни пайтда вилоятда иш билан банд бўлмаганлар сони 93 минг нафарни ташкил этмоқда. Бандликка кўмаклашиш марказларига 4 мингдан зиёд фуқаролар иш сўраб мурожаат қилишган. 32 минг нафар фуқаро чет эллардан қайтиб келишган. Кам таъминланган оилалар сони 15.447 тани ташкил этмоқда. 2016/17 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битириб, ҳозирча иш тополмай турган ёшлар 7600 нафардир.

Тадбирни очар экан, вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ушбу тадбир Президентимизнинг 22 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, «Аҳоли бандлигини таъминлашда — тадбиркор ўрни беқиёс» шиори остида ўтаётганини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, 16 февраль куни Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорликни рағбатлантириш орқали ишсизликни камайтириш лозимлигини таъкидлаганини эслатиб ўтди. Ярмаркага ташриф буюрганларга омад тилади.

Ярмаркада сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат вакили — бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов ҳам иштирок этиб, қатнашчиларга муваффақиятлар тилади.

Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ҳам сўзга чиқиб, ислоҳотлар натижасида яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз очди. Самарқандни Ўзбекистоннинг туризм пойтахти бўлаётганига урғу бериб, ушбу йўналишда ҳам янги лойиҳалар ва ишчи ўринлари яратишга эътибор қаратилиши кераклиги ҳақида гапирди. Ишсизлик кам бўлган жойда терроризм, экстремизм каби иллатлар палак отмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ярмаркада вилоят ҳокими ва меҳмонлар кам таъминланган оилаларга газ плиталари ва суюлтирилган газ баллонларини топширишди. Шунингдек, янги лойиҳаларни бошлаётган ишбилармонларга вилоятдаги тижорат банклари томонидан кредит сертификатлари тақдим этилди.

— Бугун бу ерда айрим кам таъминланган фуқароларга плита ва газ балон берилди. Умуман, вилоятимизда узоқ, табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларда яшовчи 543 та кам таъминланган оилаларга газ плиталари ва баллонлари берилди. 255 нафар ногиронлиги бўлган шахслар тикув машиналари ва шунга яраша иш билан таъминландилар, — деди биз билан суҳбатда вилоят ҳокими Т.Жўраев. — Ногиронлиги бўлган шахслар вилоятдаги корхоналарда мавжуд иш ўринларининг 10 фоизи миқдорида квоталанган иш ўринлари билан таъминланмоқда.

Газ плитаси ва балонини шахсан вилоят ҳокимидан қабул қилиб олган Самарқанд шаҳридаги «Қовола» МФЙда истиқомат қилувчи Салима Рўзиева, Каттақўрғон туманидаги «Муллакўрпа» маҳалласидан Нигора Рўзиева давлатимиз томонидан уларга берилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдириб, ташаккур изҳор этишди.

Нарпай туманидаги «Саломатлик» МЧЖ ҳам ярмаркада ўз маҳсулотлари ва ишчи ўринлари билан қатнашаётган юзлаб корхоналардан биридир. Айни пайтда ушбу корхонада сут маҳсулотлари қайта ишланади ва IDEA бренди остида сут, пишлоқ, қаймоқ, қатиқ, йогурт каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона 3 та иш ўрни таклиф этиб, талабгорлар билан шартнома имзолашга ҳам улгурибди.

Нарпай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Раҳмоновнинг айтишича, тумандаги 16 та корхона ва ташкилот 76 та иш ўрни билан қатнашмоқда. 2 соат ичида уларнинг 56 тасига номзодлар ишга қабул қилиниб бўлган.

Каттақўрғонлик, «Жўраев Улуғбек» хусусий корхонасини юритаётган ҳунарманд-тадбиркор Турсунтош Жамолова бундай тадбир ташкил этилганидан жуда хурсандлигини яширмади:

— Жуда кўп инсонлар билан танишдим. Илгари бирор каттакон, дейлик, вилоят ҳокими келяпти деса, кўчаларни супуриб, сув сепиб уйдан чиқмасдан ўтирардик. Шундай кунлар келдики, мана уларнинг ўзи келиб бизнинг ишимиз билан қизиқишаяпти, йўл-йўриқ кўрсатишяпти. Бундай шароитдан самарали фойдаланиши керак ёшларимиз. Мен ўзим билган ва ўрганган нарсаларни барча ёшларга ўргатишга тайёрман, — деди у.

Ушбу ярмаркани ўтказишдан мақсад — иш топишда қийналаётган кам таъминланган ооила вакиллари, муқаддам судланганлар, чет эллардан қайтиб келганлар, тиббий маълумотга эга, олий ўқув юрти ҳамда коллежларни битирган, нафақадаги ҳарбий хизматчилар, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар, алимент тўлови ололмаётган аёллар ҳамда ҳозирда ишсиз бўлган шахслар бандлигини таъминлашдан иборат.

Самарқанд вилоятида жорий йилда 30 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотган, ҳали яна бир неча бор ўтказиладиган бундай ярмаркаларга яхши умидда иш излаб келганлар ўз муродига етишса, тадбир ташкилотчилари ўз олдларига қўйган мақсадга етишган ҳисобланишади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид