Жамият | 13:00 / 28.02.2018
72648
5 дақиқада ўқилади

Номи улуғ, супраси қуруқ «қизил диплом» кимга керак?

Халқ орасида «қизил диплом» атамаси билан номланадиган дипломларнинг расмий номи аслида «имтиёзли» дипломдир. Олий таълим муассасаларида «имтиёзли» дипломлар бакалавриатура босқичида ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган талабаларга берилиши кўпчиликка маълум. Аммо кўпчиликни мазкур «имтиёзли» диплом аслида қандай имтиёз беради, деган савол ўйлантиради. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ушбу мақолада шу бўйича фикр юритган.

Қизил диплом талабага нима беради?

Ҳеч нарса! Фақат қизил рангни хуш кўрувчилар ёки кўк рангни ёқтирмайдиганлар учун таскин бериши мумкин холос. Аммо бундан бошқа бирорта имтиёз қонунчиликда назарда тутилмаган.

Унда нима учун «қизил диплом»га интилишади? Бакалавриатура босқичини якунлаб, қўлига қизил рангли муқовадаги дипломни олган талабалар, магистратура босқичига кириш учун бўладиган имтиҳонларда қандайдир имтиёз бўлишига умид қилиши табиий. Бироқ буларнинг барчаси хомхаёл, холос.

Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра амалга оширилади. Мазкур низомнинг 4-боби «Кириш синовлари» деб номланиб, унда магистратурага кириш синовларининг умумий баллари ҳақида маълумот берилган. Ушбу маълумотлар орасида бакалавриатура босқичини «имтиёзли» диплом билан тугатган талабаларга қандайдир қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳеч қандай қоида келтирилмаган. Бундан ташқари, низомнинг 3-бандида магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Низомда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари, шунингдек «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган олий ўқув юртлари талабалари ва бакалавр даражасига эга ёшларга имтиёз берилиши ва улар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилиниши қайд этиб ўтилган.

Ахир имтиёз бор эдику?!

Ҳа, тўғри эсладингиз, бир пайтлар «қизил» дипломга имтиёз бериларди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 июлдаги 342-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган низомга кўра, қуйидагича тартиб-қоида белгиланган эди:

“13. … Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади). Битирувчи рейтингини аниқлашда 0,7 тузатиш коэффициенти киритилади. Ўқишни имтиёзли тугатганлар учун тузатиш коэффициенти 1 га тенг.”

Мазкур тартиб-қоидага кўра, абитуриентнинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи махсус коэффициентларга кўпайтирилган. Яъни «имтиёзли» диплом олган талабанинг балли 1 га, «оддий» диплом олган талабаларники 0,7 коэффициентга. Масалан, 86 балл «имтиёзли» диплом соҳибида 86 баллигича қолган, «оддий» диплом олганда эса 60,2 балл деб ҳисобланган.

Лекин бугунги кунда юқоридаги низом ўз кучини йўқотган.

Коррупцияга имконият яратиш шартми?

Мақола сўнгида ушбу масала юзасидан ўзимнинг ўта шахсий фикру ожизимни баён қилмоқчиман. Айтингчи, номи улуғ, супраси қуруқ «қизил диплом» нимага керак?

Диплом номида «имтиёзли» сўзи бўлсаю, лекин зиғирча имтиёз бермайдиган бундай кўзбўямачиликка чек қўйиш пайти келмадимикин? Ёки қандайдир «имтиёз» жорий қилиш ёки барча талабаларга бир хил диплом бериш маъқул эмасми? Менга қолса имтиёз шарт эмас, ҳаттоки магистратурага кириш имтиҳонларида талабанинг бакалаврда тўплаган баллари умуман таъсир қилмайдиган тизимга ўтишимиз керак. Йўқса, юқори балл олиш илинжи кўп қинғирликларга замин яратмоқда. Ҳозирча Ўзбекистонда фақат Тошкент давлат юридик университети магистратурасига киришда бакалавр балли ҳисобга олинмайди, қолган барча ОТМларда ушбу кераксиз талаб ҳалиям мавжуд.

Ҳозирги ҳолатда гарчи ҳеч қандай имтиёз бермаса ҳам, шунчаки қуруқ обрў ёки бошқа сабаблар учун “қизил” дипломга ҳаракат қиладиганлар, бунинг йўлида кези келса коррупцион йўлдан кетишдан тап тортмайдиганлар афсуски учраб турибди. Шундай экан, келинг, ўзимизни алдамайлик. Яхшиси талабалар қизил ранг учун эмас, ўз келажаги ва юрт равнақи учун интиладиган таълим тизимини яратайлик.

Мавзуга оид