Жаҳон | 07:30 / 18.03.2018
6646
2 дақиқада ўқилади

Ёмон “ижтимоий рейтинг”га эга хитойликлар самолёт ва поездларга қўйилмайди

Фото: Xu Congjun/ Getty Images

Хитойда 2018 йил май ойидан бошлаб “ижтимоий рейтинг” (social credit) тажрибавий тизимида паст рейтингга эга фуқаролар бир йилга самолёт ва поездларга чипта харид қилиш имкониятдан маҳрум этилишлари мумкин. Бу ҳақда Ривожланиш ва ислоҳотлар миллий комиссияси баёнотларида маълум қилинди. 

Чекловлар биринчи навбатда “террорчилик ҳақида ёлғон ахборот тарқатган”, рейсларда муаммолар ҳосил қилган, муддати ўтган чипталардан фойдаланган ёки поездларда чекаётган вақтда ушланган одамларга қаратилади.

“Хитойнинг “ижтимоий рейтинг” тизими одамларни жиноий хатти-ҳаракат ёки молиявий фирибгарлик кабилар асосида баҳолайди, бироқ, шунингдек, одамлар нима харид қилаётгани, нималар гапираётгани ва қилаётгани ҳам ҳисобга олинади. Булар асосида хитойликларга уларнинг имкониятларига таъсир қилувчи баҳолар берилади. Паст рейтинг олганлар чекловлар ва жарималарга тортиладилар.  

Ҳозирча ушбу тизим 7 миллион кишини қамраб олган, бироқ 2020 йилгача Хитой ҳукумати бу тизимни бутун мамлакатга қўллашни режалаштирмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг фикрича, “ижтимоий рейтинг” фуқаролар эркинликларини чеклайди ва хитойликлар ҳуқуқларини тартибга солишнинг ношаффоф усули ҳисобланади.

2017 йилда Хитой ҳукумати катта миқдорда қарзга эга одамларни саёҳат қилиш имконидан маҳрум қилганди.

Мавзуга оид