Кўзни ҳаром этилган нарсаларга қарашдан тийиш усуллари (1-қисм)
Инсонга Аллоҳ таоло кўриш неъматини ато қилгани учун у кўриш бахтига эга бўлади. Лекин бу ҳамма нарсага, яъни номаҳрамларга ва ҳаром қилинган нарсаларга қарайвериш дегани эмас. Шундай экан, инсон қандай қилиб бундан ўзини сақлаши керак, нималарга эътибор берса номаҳрамларга қарашдан сақлана олади. Ана шулар ҳақида батафсил сўз юритсак. Шу ўринда аёлларнинг кийиниш борасидаги нотўғри тушунчалари эркакларнинг бу йўлдан сақланиш ўрнига уларнинг тойишларига сабаб бўлаётганлари ҳақида баён қиламиз.
Ҳозирги кунда аёлларимиз билиб-билмай кўчада номаҳрам эркаклар кўзи олдида очиқ-сочиқ юришга ўрганиб қолдилар. Ҳатто мўмина аёлларнинг ҳам кўчага чиққанда ўзларига оро бериб, пардоз-андоз қилиб, тор кийим кийишлари урфга айланди. Ҳолбуки, улар уйда ўз эрлари учунгина ўзларига оро беришлари керак эмасми? Пардоз-андоз воситалари аёлни атрофдагиларга янада дилбар, жозибали қилиб кўрсатади. Ваҳоланки, шариатда муслима аёл учун фақат ўз эри ва маҳрамлари ҳамда бошқа муслима аёлларгагина зийнатларини кўрсатишга рухсат берилган. Уйидан ташқарида муслима аёл бегона эркакларга ўз чиройини кўз-кўз қилиб кўрсатиши динимизда тақиқланган. Чунки, аёлнинг ифори, зийнати, сурати, ўз гўзалликларини ошкор қилиши эркакларни ўзига мойил қилади.
Шу ўринда аёллар орқали эркакларга қандай фитналар келиши ҳақида Қуръон ва ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.
"Оли Имрон" сурасининг 14-оятида: "Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш зийнатли қилиб қўйилди", деб зикр қилинган.
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ шу оятнинг тафсирида: "Шайтон уларга шу ишларни зийнатлаб қўйди" , деган экан.
"Нисо" сурасининг 28-оятида эса Аллоҳ таоло: "Ахир инсон заиф яратилинган-да", деб айтади. Бу оятнинг тафсирида Товус ибн Кийсон: "Инсон аёллар ишида заифдир, инсон учун аёллар билан бўладиган ҳар бир иш устида заифлик бордир", деган экан.
Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитна ташлаб кетмадим", деб айтдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Давоми бор...
Дониёр Файз
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024