Жаҳон | 15:21 / 19.12.2024
7484
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди

Воқеа Хитойда таълим юки оғирлиги тўғрисида баҳсларга сабаб бўлди.

Фото: Shutterstock

Хитойда эркак ўғлига уй вазифасини бажаришда кўмаклашаётиб, юрак хуружига учради. Воқеа хитойлик ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари зиммасига оғир ўқув юкламаси тушаётгани ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди, деб хабар бермоқда South China Morning Post.

Нашр маълумотларига кўра, эркак қирқ ёшлар атрофида. У ўғли билан дарс қилаётганда нафас олишга қийнала бошлаган ва кўкрагида оғриқ ҳис қилган. Ота шошилинч равишда шифохонага ётқизилди, унга миокард инфаркти ташхиси қўйилди. Шифокорлар унга юракни шунтлаш (юрак артерияларида қон оқимини тиклаш) операциясини ўтказди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, хуруж ҳиссий стресс таъсирида кучаядиган юрак ишемик касаллиги туфайли юзага келган. Эркак ўғлининг таълим жараёнини доимий равишда назорат қилиб, унга қўшимча дарслар ташкил этиб келган. Маълум қилинишича, ота билан ўсмир ўртасидаги муносабатлар охирги пайтларда кескинлашган.

Таъкидланишича, бу Хитойда содир бўлган ягона шундай ҳодиса эмас. 2018 йилда 33 ёшли аёл қизи ухлашдан олдин жуда узоқ дарс тайёрлашидан асабийлашиб, инсултни бошдан кечирган.

Кўпчилик хитойликлар фарзандларининг мактабдаги ютуқларини ўз муваффақиятлари сифатида кўради. Шу боис таълимга катта эътибор қаратиш бошланган. Мамлакатда олий ўқув юртига кириш яхши ҳаёт гарови сифатида кўрилади. Кириш имтиҳонлари эса жуда мураккаб.

Мавзуга оид