Ўзбекистон | 09:40 / 27.03.2018
67273
3 дақиқада ўқилади

Болалар боғчаси. Унда нималар бўлиши керак?

Фото: ugd.ru

Мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар учун жиҳозлаш меъёрлари белгиланган:
 
• мактабгача таълим муассасалари (кейинги ўринларда – МТМ) гуруҳлари, шу жумладан саломатлигида нуқсони бўлган (ақли заиф ва оғир нутқ нуқсони бўлган, таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган, кар ва заиф эшитувчи, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи) болалар учун махсус гуруҳлар; 
• ёрдамчи хоналар (мусиқа зали, жисмоний тарбия зали, маъмурий-методик хоналар, кир ювиш хонаси, ёнғин хавфсизлиги бурчаги, хўжалик ва бино ишчилари учун жиҳозлар, тиббий хизмат кўрсатиш хоналари, ошхона, омборхона);
• МТМ ҳудуди ва ташқи ўйин майдончалари;
• болалар учун санитария-гигиеник воситалар.
 
Илгари амал қилган меъёрлар бекор қилинди. Улар билан солиштирганда, мисол учун, мажбурий ўйин тўпламлари рўйхати сезиларли даражада кенгайди: «Ателье», «Банк», «Почта», «Супермаркет», «Ферма» ва б. Спорт анжомлари ҳам кўпаяди. Болалар велосипед ва самокатларда учишлари, гантеллардан фойдаланишлари, «балиқ ови», «валиология» (одам танаси билан танишиш бўйича пазллар, куб ва макетлар) ва бошқа ўйинларни ўйнашлари мумкин.    
 
МТМ гуруҳларини жиҳозлаш меъёрлари турли ёшдаги болалар гуруҳлари кесимида, шу жумладан 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар учун белгиланган (махсус гуруҳлар бундан мустасно). Давлат тасарруфидаги болалар боғчаларига болалар 3 ёшдан қабул қилинади, нодавлат боғчаларда эса болаларни қабул қилиш ёши уларнинг уставларида белгиланади. 17.03.2018 йилда 2986-сон билан рўйхатдан ўтказилган ҳужжатда меъёрлар фақат муайян тоифадаги МТМга (масалан, давлат тасарруфидаги – таҳр.) нисбатан амал қилиши кўрсатилмаган. Бинобарин, тасдиқланган нормативлар ҳам давлат, ҳам хусусий МТМ учун мажбурий.
 
Ҳужжат 18.03.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид