Спорт | 13:40 / 30.03.2018
10151
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хоккей федерацияси очилди

Фото: Fotolia

Адлия вазирлиги 2018 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерациясини давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида хоккейни ривожлантириш, тарғиб қилиш ва оммавийлаштириш, шунингдек, шахсни ҳар томонлама ва уйғун камол топтиришда унинг ролини кучайтириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.

Шунингдек, ташкилот вазифаларига хоккей бўйича спорт тадбирларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари, биринчиликлари, кубоклари ва бошқа расмий спорт мусобақаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш, хоккей бўйича Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларини тузиш ва тайёрлашда иштирок этиш, олий малакали спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси терма ва клуб жамоаларини халқаро спорт мусобақаларида қатнашишга тайёрлаш бўйича тадбирларни таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар киради.

Ўзбекистон Республикаси Хоккей федерацияси таъсисчилар конференциясида унинг раҳбари этиб Бахтиёр Шуҳратович Фозилов сайланган.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги томонидан пойтахтдаги “Next” савдо комплексида жойлашган Муз саройида федерациянинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бўйича гувоҳномани топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мавзуга оид