Фан-техника | 08:35 / 07.04.2018
12602
2 дақиқада ўқилади

Тилга чиқмаган сўзларни аниқлаши мумкин бўлган қурилма яратилди

Фото: Lorrie Lejeune/MIT

Массачусетс технологиялар институти экспертлари махсус компьютер интерфейсини ишлаб чиқишди, у фойдаланувчига эшиттирмаган ҳолда, ўз ичида айтадиган сўзларни аниқ топиши мумкин. Қурилма “ақлли” фойдаланувчилик интерфейсларига бағишланган конференцияда тақдим этилди, деб ёзмоқда Science Daily.

Қурилма AlterEgo деб аталади ҳамда ечиб олинувчи ускуна ва ҳисоблаш тизимидан иборат. Қурилма юздан ортиқ нейромушак сигналларни ўқийди, яъни фойдаланувчининг атрофдагиларга билдирмай, ичида айтадиган сўзларини фарқлайди. Сигналлар нейротармоққа киради, у уларни аниқ сўзлар билан бирлаштиради.

Қурилмада бир жуфт қулоқчин ҳам бор, у юз суяклари орқали тебранишларни ички қулоққа етказади. Уларнинг ёрдамида фойдаланувчи ҳисоблаш тизимида қайта ишланган маълумотни, ўз ишидан чалғимаган ҳолда олиши мумкин.

MIT медиалабораторияси каналида эълон қилинган видеороликда ундан фойдаланишнинг бир нечта “маиший” вариантлари тақдим этилган: масалан, “хаёл кучи” каналларини масофадан ўзгартириш, йўлда кетаётганда вақтни билиш, дўкондаги товарлар умумий нархини ҳисоблаш учун.

Ҳозирча AlterEgo фақат ўрганиш учун прототип шаклида мавжуд. У ёки унинг модификациялари қачон савдога чиқиши номаълум.

Мавзуга оид