Ўзбекистон | 22:50 / 17.04.2018
51938
4 дақиқада ўқилади

Таълим соҳаси вакилларини шоқоллар деб «сийлаган» ҳоким охирги марта огоҳлантирилди

Бугун, 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча марта мажбурий меҳнат ва кўзбўямачиликни танқид остига олган бўлса ҳам, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилинди.

Шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун, бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлаган Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевга шундай ҳайфсан эълон қилинди. Бош вазир Раҳматуллаев охирги марта огоҳлантирилаётганини таъкидлади.

Андижон шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши раиси Дилмурод Раҳматуллаев ўтган йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани маълум бўлганди. У мактаблар ва коллежлар директорларини пахтага етарлича одам жўната олмагани учун «шоқоллар» дея ҳақоратлаган, бу мавзу ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинган, кейинроқ прокуратура томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган. Суд қарори билан Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жаримага тортилганди.

Мавзуга оид: Яна директорлар ҳақоратланди. Бу сафар Андижон

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Раҳмоновга соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси вакилларини кўчаларни ободонлаштириш мақсадида ўз ҳисобларидан қиммат гул кўчатларини сотиб олишга мажбурлагани учун ҳайфсан ҳамда охирги марта огоҳлантириш берилган.

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахоновга эса таълим тизими ходимларини кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, йўл четларига гул эктириш ҳамда дала ишларига мунтазам жалб этиш ҳолатларига бефарқ бўлгани учун ҳайфсан эълон қилинди. Шунингдек, йиғилишда Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳокими Эркин Бойниёзов туманда жойлашган 8та касб-ҳунар коллежи ходимларини фермер хўжалиги ишларига бириктириб қўйгани, 2 тоннадан 6 тоннагача темир-терсак топшириш мажбуриятини қўйгани учун ҳайфсан олди.

Бундан ташқари, Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов тумандаги 7та касб-ҳунар коллеж педагог ходимларини ўз вазифасига кирмаган вазифаларни бажаришга мажбурланаётган ҳолатларига бефарқ бўлгани учун ҳайфсан олган.

Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими Йўлчибой Бойжигитовга ҳам таълим тизими ходимларини кўча тозалаш ишларига, йўл четларига гул экиш, дала ишларига мунтазам жалб этиб келгани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Мавзуга оид