Ўзбекистон | 12:30 / 18.08.2024
35423
4 дақиқада ўқилади

Дилмурод Раҳматуллаев янги лавозимга тайинланди

Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил июн ойида вилоят ҳокими томонидан ўтказилган селектор йиғилишида қаттиқ танқид ва ҳақорат қилинганди. Ўша йили августда ўзига нисбатан фитна уюштирилаётганини айтиб, “Буни қоралайман, лаънатлайман” деб видео эълон қилган ва шундан сўнг ишдан олинганди.

Фото: Kun.uz

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар ободонлаштириш бўлимига бошлиқ бўлган. 2024 йил 17 август куни Андижон шаҳар ҳокими Ғофур Абдураҳмонов бу ҳақда тегишли қарорни имзолаган.

Маълумот учун, Дилмурод Раҳматуллаев 2016-2019 йилларда Андижон шаҳрига ҳокимлик қилган. У 2017 йилнинг кузида Андижон шаҳридаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани тасвирланган аудиоёзувлар тарқалиб кетганидан кейин интернетда машҳур бўлганди.

Дилмурод Раҳматуллаев 2018 йилнинг апрелида бош вазир иштирокида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун, бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун ҳайфсан олган, бош вазир у охирги марта огоҳлантирилаётганини маълум қилганди.

2019 йил июн ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов селектор йиғилиши ўтказган ва ўшанда Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновни ҳақоратлаганди.

Ўшанда вилоят ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев Андижон шаҳридаги чиқиндиларни олиб чиқишда сусткашлик қилгани ҳақида гапириб, уни ҳақорат қилганди.

“Шаҳардаги Раҳматуллаев деган ш***л, и***сни касал қилиб ўлдираман! 20 йилга қамайман. Ўтган йили «Нодирабегим» паркига президентимиздан сўраб пул олганман. Кеча разбор қиляпман, пул ҳам йўқ, қурувчи ҳам йўқ. Еб, ютиб, Туркияга қочиб кетган, и***с. Ҳозир биз туттириб обкелдик бу ёққа. 48 та машинани чиқинди [ташиш] учун деб оберганмиз, 16 тасини ишлатишяпти, қолганини шағал ташишга чиқариб юборибди, и***с. Ахлат эса тўпланиб кетяпти. Усмонов деган генерал ҳокимлигида (собиқ милиция генерали Аҳмаджон Усмонов 2006-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокими бўлган – таҳр.) мен қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосар эдим. 15 кунда бир марта қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб келиб шаҳар ичидан ахлатларни ташитардим. Бу ** секин-секин шунга олиб келмоқчи бўляпти-да! Жонини суғуриб оламан и***сларни. Шаҳардан ким қатнашаётган бўлса кечаси билан ўтқазиб қўйдим ҳаммасини, қамаб. Ўтирасан и***с, дедим. Маҳалла комитет олдига битта машина, битта шофёр, битта ахлатчи — иккита болани маҳаллага боғлаб қўясан, и***с, қани бир қадам силжиб кўрсин, онангни Учқўрғондан кўрсатаман!” деганди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Орадан икки ой ўтгач, август ойида Дилмурод Раҳматуллаев видео эълон қилди. Унда ҳоким ўзига нисбатан фитна уюштирилаётганини айтиб, “Бу Андижон шаҳри, вилоят ва раҳбариятнинг обрўйига путур етказиш, деб ўйлайман. Буни қоралайман, лаънатлайман”, дея муносабат билдирганди.

Шу видеосидан сўнг у ўз лавозимидан озод қилиниб, Андижон шаҳар ҳокимлигига Баҳромжон Ҳайдаров тайинланганди.

Маълумот учун, Баҳромжон Ҳайдаров 2022 йил 6 июнда жуда катта миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинади.

2022 йил декабр ойида ўтказилган суд мажлисида 63 млрд сўмдан зиёд маблағни талон-торож қилишда гумонланган 45 нафар судланувчининг аксариятига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланади. Шаҳарнинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йил, собиқ прокурор Қурбонали Асқаров эса 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. 2024 йил март ойида Баҳром Ҳайдаров жазони ижро этиш муассасасида вафот этади.

Мавзуга оид