Ўзбекистон | 17:52 / 11.12.2024
17215
2 дақиқада ўқилади

Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди

Сенат кенгашининг қарорига мувофиқ, у истеъфога чиқарилган Мамаризо Нурмуродовнинг ўрнини эгаллади.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Сенатининг кенгаши президент тақдимномасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Кенгашнинг бошқа бир қарори билан, президент тақдимномасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига Тимур Ишметов тайинланди.

Тимур Аминжанович Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган, 2005 йилда Бирмингем университетидан молия-банк йўналишида магистр даражасини олган. 2007 йилда Тошкент юридик университетининг ҳуқуқшунослик факултетини битирган.

У 24 йиллик меҳнат фаолиятининг 19 йилини Марказий банкда ўтказган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаб, 2001–2004 йилларда катта эксперт-аналитик, Валюта биржаси ва ташқи алоқалар департаменти раҳбари бўлган. 2004–2008 йилларда Пул-кредит операциялари департаментида ишлаган. 2008–2009 йилларда Халқаро захираларни бошқариш департаменти, 2009-2010 йилларда Ички валюта бозоридаги операциялар департаменти, 2010–2017 йилларда Валюта бошқаруви ва назорати департаментини бошқарган.

Ишметовнинг Марказий банкдаги фаолиятида 2017 йилда қисқа муддат узилиш бўлган: у ўша йили апрелда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, аммо июн ойида Мамаризо Нурмуродов Марказий банк раиси этиб тайинланиши билан бир вақтда унинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган.

МБ бошқарувидаги ўзгаришлар фонида, 2017 йил сентябрига келиб, мамлакатда валюта ислоҳоти амалга оширилганди.

Тимур Ишметов МБ раисининг биринчи ўринбосари сифатида 2 йил фаолият юритгач, 2019 йил май ойида молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилди. 2020 йил февралига келиб, у молия вазири этиб тайинланди ва бу лавозимда 2022 йил охиригача фаолият юритди.

Ишметов 2022 йил декабрда Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (Равшан Ғуломов)нинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид