Ўзбекистон | 22:35 / 17.04.2018
32823
2 дақиқада ўқилади

Президент мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни «фавқулодда ҳолат» сифатида кўриб чиқишга топшириқ берган

Фото: Рамблер/новости

Ўзбекистон ҳукумати бундан буён мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни «фавқулодда ҳодиса» сифатида кўриб чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида 17 апрель куни ўтказилган «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган йиғилишида маълум қилди.

Бош вазирнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги раҳбарларнинг таълим ва тиббиёт ходимларини ўз соҳасига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этиши, кўзбўямачиликларга йўл қўйиши ҳолатлари мамлакатда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатга зиён етказмоқда.

Бош вазир президентнинг вилоятларга ташрифлари арафасида таълим, тиббиёт ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этиш барча ҳудудларда авж олганини қайд этиб ўтган.

«Ҳукуматга алоҳида топшириқ берилди: ҳар бир шундай ҳолат энди фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб чиқилади», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирган KUN.UZ мухбири.

Бош вазир ўқитувчи ва шифокорларни жамоат ишларига мажбуран жалб этган раҳбарлар ва амалдорларнинг иши юзасидан прокуратура ва бошқа орган ходимлари иштирокида алоҳида назорат ўрнатилишини, президентнинг махсус топшириғига кўра, эндиликда мажбурий меҳнат масаласи фавқулодда ҳолат сифатида юқоридаги ташкилотлар билан биргаликда алоҳида кўриб чиқилишини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид