Ўзбекистон | 19:45 / 09.10.2024
11676
4 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ

Пахта нархи билан боғлиқ муаммолар фонида, мактаб ўқитувчиларига терим учун одам топиш вазифаси юклатилаётгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларни бундай ҳолатларда вазирликнинг ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги терим нархи килосига 2500 сўм деб белгиланганини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Пахта терими учун белгиланган нарх пасайтирилиши фонида, мактаб ўқитувчилари пахта терими учун одам топишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар кўпайди.

X тармоғи фойдаланувчиларидан бирининг ёзишича, педагогларга (қаерда, қайси мактабда экани очиқланмаган) пахта терими учун ҳар куни 2 кишидан одам топиб бериш мажбурияти қўйилмоқда.

“Устозлар, эртага соат 7 га солиқ идорасининг олдига 1 нафардан ота-она[ни] ҳар бир синфдан навбатдан чиқарамиз. Индинга бизникилар дам олади. Менимча, шундай тартибда ишни ташкил қиламиз. Топшириққа жиддий қаранглар”, – дейилади Telegram тармоғидаги гуруҳдан олинган скриншотда.

“3 марта мажлис бўлди, Хуллас... жиддий масала – пахта йиғим-терими. Синфдан кунига 3 та ота-онани ташкил қилиб берамиз экан. Мен кимнидир мажбурлаб "сиз чиқасиз, сиз терасиз" деёлмайман, ҳаммаларингизнинг шароитингиз ҳар хил. Кимдир ишлайди, кимнингдир қўлида ёш боласи бор. Мен ҳамманинг ичида эътироз билдиргандим, гап эшитиб олдим.

Ҳозирги пайтда бизнинг Ватанимиз шу ёрдамга муҳтож экан. Кечгача маслаҳат қилиб, менга хабар беринглар, сизлардан катта илтимосим”, – дейилади бошқа бир скриншотда.

Тармоқ фойдаланувчилари изоҳларда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўқитувчилар шундай вазифасидан ташқари ишга жалб қилинаётганини ёзган. Аммо айнан қайси мактабларда экани очиқланмаган.

Rost24 нашри Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси экани айтилган шахснинг аудиосини тарқатди. Аудиодаги овоз эгаси “ҳурматли қишлоқдошлари”га мурожаат қилиб, ҳаммадан “тўғри тушунган ҳолда пахтага чиқиши”ни талаб қилган. Чиқмаганларга эса “бола пули” бериш тўхтатилишига шама қилинган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қатъий қарши экани, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилишини ноқонуний ҳолат деб ҳисоблашини маълум қилди.

“Бугунги кунда вазирликда Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, аниқланган ҳар қандай ноқонуний ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари орқали, албатта, тегишли чора кўрилиши таъминланади.

Ҳурматли педагоглар, агар сиз ваколатингизга кирмайдиган юмушларга жалб қилинсангиз, зудлик билан вазирликнинг ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилинг: (71) 202-09-09”, – дея ёзди ММТВ раҳбарининг матбуот котиби Дилфуза Собирова.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади.

Аввалроқ тармоқларда теримчилар пахта далаларида пахта теришдан бош тортаётгани ҳақида видеолар тарқалганди. Бунга терим учун тўланадиган ҳақ миқдори камайтирилгани сабаб бўлган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 9 октябр куни маълум қилишича, эндиликда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун 2 500 сўмдан ҳақ тўланади.

“Бугунги кунгача тижорат банклари томонидан (қўл терими учун) 1500 сўмдан кредит маблағлари ажратилиб, теримчиларга ушбу миқдордаги сумма ҳар бир килограмм учун бериб келинаётган эди. Бу ўз навбатида бирмунча қийинчилик туғдириб, теримчиларни мавсумий ишга жалб қилиш ҳолатларида ноқулай вазиятни келтириб чиқарди.

Мазкур ҳолатларни ҳар томонлама ҳисоблаб ва ундан кейин теримчиларни моддий рағбатлантиришни янада кучайтириш мақсадида бугундан бошлаб, республикамиздаги барча ҳудудлардаги теримчиларга пахта терим нархи (қўл терими учун)ни ҳар бир килограмм учун 2500 сўм этиб белгилаш қайд этилди”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Изоҳланишича, 2500 сўм маблағнинг 2000 сўми Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, 500 сўми кластер ҳисобидан ажратилиб, даланинг ўзида теримчиларга тарқатилади.

Мавзуга оид