Ўзбекистон | 01:20 / 18.04.2018
37991
5 дақиқада ўқилади

«Обод қишлоқ»ларда ўқитувчилар ишлатилаётгани маълум бўлди

Фото: sangzor.uz

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, «Обод қишлоқ» лойиҳаси доирасидаги ишларга бюджет ташкилотлари ходимлари мажбуран жалб қилингани аниқланган. Бу ҳақда бош вазир «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган.

«Жорий йилда ҳудудларда муҳтарам президентимиз ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури жорий этилди. Аммо яна жаноб ҳокимларимиз ташаббуслари билан бюджет ташкилотлари ходимлари бу ишларга ҳам жалб этилган.

Масалан, Улуғнор туманидаги Оқобод, Олтинкўл туманидаги Шаҳриобод, Бўз туманидаги Ғолиб, Пешку туманидаги Туркистон, Қўшкўпир туманидаги Иттифоқ, Урганч туманидаги Туркман маҳаллаларида «Обод қишлоқ» лойиҳаси доирасидаги ишларга ўқитувчилар жалб этилган.

Бундан ташқари, ўқитувчи ва шифокорларни қишлоқ хўжалиги ишларига ҳам кенг жалб этиш амалиёти кузатилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани, Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани, Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани, Хоразм, Фарғона вилоятларининг қатор туман ва шаҳарларидаги айрим таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнат ишларига жалб қилинган. 

Олий таълим муассасаларининг 2017/2018 ўқув йилидаги ҳолати таҳлил қилинганда, мамлакат бўйича кўча супуриш ишларига 17 минг, ариқ тозалаш ишларига 4 минг, қурилиш ишларига 7 минг, дала ишлари, чопиқ, чеканка, йиғим-теримга 23 минг нафар талаба ва ўқитувчилар мажбуран жалб этилгани аниқланди. 

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 9 мингдан ортиқ, Андижон вилоятида 8 минг 500, Жиззах вилоятида 5 минг, Наманган вилоятида 2 минг 600, Тошкент вилоятида 5 минг 500 га яқин талаба ва ўқитувчилар турли ишларга жалб қилинган. 

Самарқанд вилояти Нуробод тумани Жом қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларига нафақат тумандаги, балки қўшни тумандаги мактаб ўқитувчилари ва шифокорлар ҳам мажбуран жалб этилган.

Бундан ташқари, ўқитувчи ва шифокорларни қишлоқ хўжалигидаги ишларга кенг жалб қилиш тизимга айланиб боряпти. Масалан, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида халқ таълими ходимлари ўқитувчилари чигит экиш ишларига жалб этилгани аниқланди. 

Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида касб-ҳунар коллежи директорлари қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этишда фермер хўжаликларига вакил сифатида бириктириб қўйилган. 

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги барча коллеж, мактаб директорлари томорқадан унумли фойдаланиш ишларини ташкил этишга, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги 8та коллеж мутасаддилари узумчилик билан шуғулланувчи фермерларга бириктириб қўйилиб, токни очиш ва кўмишга доимий равишда қарашиб келган. 

Шу билан бирга, ободонлаштириш ишлари жараёнида коллеж ўқитувчилари алоҳида уйларга бириктирилиши, ҳатто ноқонуний қурилмаларни бузишларга ҳам жалб қилиниши ҳолатлари мавжуд.

Урганч шаҳридаги 13та коллеж, Урганч туманидаги 8та коллежнинг барча ўқитувчилари ўзларига бириктирилган хонадонлардан панжараларни олиб ташлаш, иншоотларни бузиш, хоналарни тартибга келтириш ишларига жалб этилган.

Бўғот туманидаги 7та коллежнинг ҳар бирига 4тадан хонадонни ободонлаштириш ва йўлларни тозалаш мажбурияти бириктирилган.

Фарғона шаҳридаги 25та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга кичик ҳалқа йўлини ободонлаштириш, Марғилон шаҳридаги 12та  касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчиларига эса Аҳмад Яссавий кўчасидаги ишлар топширилган.

Кўриб турганингиздек, таълим соҳаси ходимлари ўқувчиларга чуқур билим бериш ўрнига бутунлай бошқа ишлар билан шуғулланиб юришибди.

Ёки Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ўзлари устида ишлаб, хонадонма-хонадон юриб, профилактика ишларини бажариш ўрнига ҳар хил ободонлаштириш ишларига жалб этиб келинмоқда», дея бош вазир сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид