Жамият | 12:12 / 21.04.2018
162457
3 дақиқада ўқилади

Амир Темур ўз ўғлига нега ўлим ҳукми эълон қилган эди?

Мироншоҳ Мирзо Амир Темурнинг учинчи фарзанди эди. У 1366 йилда, яъни Амир Темур 30 ёшида дунёга келган. Соҳибқирон бу ўғлининг ҳам жасур ва мард, эпчил фарзанд бўлиб тарбияланишидан умидвор эди. Аммо у айрим қусурлардан холи эмасди. Унда майхўрликка мойиллик мавжуд бўлган. Бу эса унинг обрўсига салбий таъсир қилмасдан қолмасди. 

Таниқли тарихчи олим Жумабой Раҳимовнинг маълумотига кўра, Амир Темур шимолий-ғарбий Эрон, Ироқ ва жанубий Кавказ ҳудудларини забт этганидан сўнг салтанат ғарбий ҳудудлари бўйича ноиб қилиб Мироншоҳ тайинланади. Отаси кўзидан анча йироқда ҳукмронлик қилаётган Мироншоҳ Мирзо ов, маишатга янада кўпроқ берилиб базмларга ружу қўя бошлайди. Оқила маликаси Хонзодабегим уни бу йўлдан қайтаришга кўп уринади. Аммо бефойда. Кунларнинг бирида малика сарой хазинасига кириб кўрадики, катта бойликнинг таги кўриниб, Самарқандга юбориладиган ҳисса тугул қўшинга ва девон ишлари амалдорлари маошини тўлаш ҳам муаммо бўлиб турибди. Шунда у ҳеч кимга билдирмай қайнотаси Амир Темурни рўй бераётган салбий ҳолатлардан хабардор қилиш учун салтанат пойтахти Самарқандга йўл олади. Мавжуд ҳолатдан хабар топган Соҳибқирон Қозикалон ва Шайхулислом бошчилигида махсус тергов гуруҳини суюкли келини Хонзодабегимга қўшиб Султонияга жўнатади. Уларга берилган кўрсатмада Мироншоҳдан тортиб вазир-у йирик амалдорларга қандай жазога жинояти лойиқ бўлса, ўшандай жазо беришни талаб этди. 

Бу ҳақда тарихчи олим Турғун Файзиев шундай ёзган эди: «Амир Темур Мироншоҳ ва унинг аркони давлатига ўлим жазосини эълон қилади. Темурнинг диний раҳнамоси, пири Сайид Барака ва Соҳибқироннинг энг яқин сафдош амалдорлари ҳукмни юмшатишни сўрайдилар. Лекин Амир Темур ўз сўзида қатъий туриб олгач, Амир Шо Малик ўрнидан туриб, «Ўз ўғлингиз-ку давлатпаноҳ» дейди. Амир Темур тортишиб ўтиришни ёқтирмасдан бинобарин ғазаби қайнаб кетади ва ўрнидан туриб, Амир Шо Маликка ғазаб билан тикилади. Шо Малик эса яна «Шаҳзода сизнинг фарзанди аржумандингиз эрур, давлатпаноҳ, қатл қилдирсангиз Ислом қиличига фарзандкушлик исноди доғ бўлиб тушмоғи муқаррардур», дейди. 

Шундан сўнггина Мироншоҳнинг гуноҳидан ўтилган экан. Бу ҳолатдан Мироншоҳ мирзо тўғри хулоса чиқарган бўлса не ажаб. Кейинчалик Соҳибқироннинг бу ўғли садоқати ва жангу жадаллардаги жасорати билан отасининг таҳсинларига сазовор бўлгани ҳам тарихий манбаларда қайд этилган. Ушбу тарихий воқеадан маълум бўладики, сархуш қилувчи ичимликларга ружу қўйиш ҳеч қачон обрў-эътибор келтирмайди.

Мавзуга оид