Жамият | 01:36 / 25.04.2018
28471
3 дақиқада ўқилади

12 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди

Жорий йилнинг 24 апрел куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман судида раислик қилувчи судья Х.Хотамов бошчилигида судланувчилар У.Ходжаев, С.Режапова ва Н.Собироваларга нисбатан жиноят иши кўрилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисм «а» банди, яъни одам савдоси жинояти билан айбланаётган эди.

Кун.уз мухбирининг маълум қилишича, 2018 йил 8 февраль куни фуқаро Г.Шерматова Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унга «Умид» ва «Наргиза» исмли шахслар номаълум аёл кишининг12 кунлик чақалоғини унга 10 минг АҚШ доллари эвазига сотишни таклиф қилиб, 2018 йил 9 февраль куни Тошкент вилояти ҳудудига олиб келишга келишганлигини, ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Мазкур аризага асосан, 2018 йил 9 февраль куни соат 13:00 да Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Тошкент вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, Режапова Сайёра 2018 йил 20 январь куни туғилган, қиз фарзанди Тўйчиева Шоирахонни жиноий шериклари У.Ходжаев, Н.Собировалар билан ўзаро олдиндан тил бириктириб, Ўртачирчиқ тумани ҳудудида жойлашган кафеда 10 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ҳуқуқ тартибот органи  ходимлари томонидан ушланган.

10 минг АҚШ доллари эса холислар иштирокида, далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.

Суд ишни тўлиқ ўрганиб чиқди.

Барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб ҳукм ўқиди. Ходжаев Умид 9 (тўққиз) йилга озодликдан маҳрум қилинди(муқаддам судланган). Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгилаб қўйилди.

Режапова Сайёра (гўдакнинг онаси) ва Собирова Наргизаларга 5 (беш) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Тарафларга суд ҳукмидан норози бўлган ҳолларда, белгиланган тартибда аппеляция ёки кассация шикояти беришлари мумкинлиги уқтирилди.

Суд вақтида гўдакнинг онаси Сайёрадан нега фарзандини сотаётганлиги сўралганида у ўзининг ишсиз эканлиги, оилавий ночор ҳолатга келиб қолганлиги, ижарага кун кечириши ва хўжайини хорижда ёлланма ишлар билан шуғулланиб оила боқиши, ҳозирги вақтда пулга жуда қийналаётганлигини, шу сабабли ўз фарзандини сотмоқчи бўлганлигини айтиб ўтди.

Мавзуга оид