Жаҳон | 17:55 / 27.04.2018
34880
3 дақиқада ўқилади

"Аждарҳо" йўли: 8 ёшли япон иккинчи Брюс Ли бўлиш учун кунига 4 соатлаб машқ қилмоқда

Фото: Instagram /ryuseiimai0416

Рюсеи «Рюдзи» Имаи — Брюс Лининг Японияда яшовчи 8 ёшли ашаддий мухлиси. Бола ёш бўлишига қарамай, кунига 4 соатдан кўпроқ машқ қилади, севимли спортчи ва актёрига тақлид қилади, унинг мушакларига эса ҳатто катта ёшлилар ҳам ҳавас қилиши мумкин. 

Бола ҳақида биринчи бўлиб уч йил аввал гапира бошлашди, ўшанда ижтимоий тармоқларда кичик Рюдзи Брюс Лининг "Ўлим ўйини" фильмидаги хатти-ҳаракатларини кўрсатиб берган видео тарқалган эди. Фойдаланувчилар кичик боланинг нунчакларни кумири каби маҳорат билан ўйнатишини кўриб ажабланишган эди. "Кичик Брюс Ли" ҳақида ОАВда ёза бошлашди, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эса минглаб фойдаланувчилар ёзила бошлашди.

Шундай бўлса-да, кутилмаганда келган машҳурлик болани эсанкиратиб қўймади. У жисмоний машқларни ташлаб қўймади ва севимли актёрига тақлид қилишда давом этмоқда. Рюдзининг отаси айтишича, у ҳар куни соат 6:00 да уйқудан туриб, мактабга кетишдан аввал 1 ярим соат машқларга вақт ажратади. Мактабдан кейин бир соатча югуради, кейин икки соат давомида нунчаклар билан машқ қилади. Натижада кунига 4 ярим соат вақтини жисмоний машқларга бағишлайди. Шу билан бирга, отаси бошчилигида Рюдзи Брюс Ли ўйлаб топган Жит Кун-До ("илгариловчи мушт йўли") техникасини ўрганмоқда. 

Фото: Instagram /ryuseiimai0416
Фото: Instagram /ryuseiimai0416
Фото: Instagram /ryuseiimai0416
Фото: Instagram /ryuseiimai0416

Бола биринчи марта Брюс Ли иштирокидаги фильмни 1 ёшлигида кўрган, 4 ёшга бориб эса машқ қилишни ва кумирига тақлид қилишни бошлаган. 

Бугунга келиб у бутун дунёдаги турли шоуларда қатнашмоқда. Ҳозир унинг Facebook саҳифасига аъзолар сони 300 мингга яқин, Instagram'да эса - 34 минг. Бундан ташқари, унинг YouTube'да ўз канали бор, ота-она ўғлининг машқ жараёнларида олинган видеоларни каналга жойлаб боришади.

 

Мавзуга оид