Финал сари сўнгги йўл. «Реал» – «Бавария»
Бугун Мадридда Чемпионлар Лигасининг дастлабки финалчиси аниқланади. Нафақат финалчи, нариги жуфтлик жамоаларига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, айнан бугунги учрашув ғолиби Киевда фаворит сифатида майдонга тушиши аниқ. Зеро, «Реал» ҳам, «Бавария» ҳам мусобақанинг сўнгги босқичларида доимий иштирокчи бўлиб улгуришган.
Ўтган йили қаторасига ютган илк жамоага айланган «Реал» энди учинчи марта ютишга ҳам яқин турибди. «Бавария» учун ҳам «Реал» ўзига хос рақиб, немислар ЕЧЛни ютган ҳар икки мавсумда ҳам ярим финалда айнан «Реал» тўсиғидан ўтилган.
УСТУНЛИК КИМДА?
Тўғри, сафардаги ўйиндаги ғалаба «Реал»нинг устунлигини таъминлайди, лекин ушбу жамоалар ўртасидаги аввалги тўқнашувлар сценарийси ҳали ҳеч нарса аниқ эмаслигидан далолат беради. Мисол учун, ўтган йили «Реал» сафарда худди шундай ҳисобда ғалаба қозонган, аммо жавоб учрашувида муаммоларга дуч келганди. «Бавария» умумий ҳисобни тенглаштирган ва фақат қўшимча вақтларда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган «Реал» бир неча гол уриб, вазиятни ўз томонига оғдириб қолганди. Узоққа бормасдан, чорак финалдаги «Ювентус» билан ўйинларни эслаш мумкин – Зидан шогирдларига ҳатто 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолиш ҳам осон бўлмади.
Аммо «Ювентус»га қарши чорак финал ва айниқса, «Бавария»га қарши аввалги ўйинлар мадридликларнинг учрашувга анча жиддий тайёрланишларига асос ҳам бўлади ва концентрация бобида мезбонлар муаммога дуч келишмаса керак. Хуллас, кимнидир устун дейишдан ўзимизни тийсак ҳам, бажарилиши керак бўлган вазифа борасида «Реал»га осонроқ деб бемалол айта оламиз.
ТАРКИБЛАР
Оптимал таркибни тушириш ва танловлар борасида, худди биринчи ўйиндаги каби Ҳайнкеснинг муаммолари каттароқ дейиш мумкин. Ўтган ўйинда сафдан чиққан Роббен ва Боатенгнинг ўрнини тўлдириш қийин. Шунингдек, Артуро Видал, Кингсли Коман каби футболчилар ҳали ҳам жароҳатдан тикланиб улгуришмади. Чап қанотга Давид Алабанинг қайтиши мумкинлиги немис жамоаси мухлисларига бироз ижобий кайфият берса керак, зеро Мюнхендаги ўйинда чап қанотда Рибери анча ёлғизланиб қолганди. Рафинья австриялик футболчининг айнан ҳужум уюштиришдаги вазифаларини тўлиқ уддалай олмаганди. Мадридга келган футболчилар орасида Давид Алаба ҳам бор.
Мезбонларда асосий савол – Карвахалнинг ўрнини ким босади? Испаниялик бир қатор мутахассислар Мюнхендаги ўйиннинг охирларида деярли ўнг қанот ҳимоясида яхши ҳаракат қилган Лукас Васкеснинг асосий таркибда шу позицияда тушишини тахмин қилишмоқда, аммо бундай жиддий ўйинда, айниқса, рақибнинг асосий қуролига (Рибери) қарши Зидан бундай таваккалчиликка бормаса керак. Начо деярли тикланиб улгурди ва икки кундан бери умумий гуруҳда шуғулланмоқда. Ҳимоянинг ўнг қанотидан айнан Начо жой олса керак.
Шунингдек, Исконинг жароҳати ҳақида ҳам айтилганди, аммо испаниялик яримҳимоячи жамоа билан шуғулланмоқда ва катта эҳтимол билан захира ўриндиғидан майдонга тушиши мумкин. Каземиронинг шанба кунги ўйинда 90 минут ҳаракат қилганини эътиборга олсак, Зидан майдон маркази учун бироз бошқача режага эга бўлиши мумкин – масалан, Ковачич таянч яримҳимоясидан жой олади.
Тахминий таркиблар:
РЕАЛ: Навас, Начо, Варан, Рамос, Марсело, Ковачич, Кроос, Модрич, Асенсио, Васкес, Роналду
БАВАРИЯ: Улрайх, Киммих, Зюле, Хуммелс, Алаба, Мартинес, Алкантара, Хамес, Рибери, Мюллер, Левандовски.
Ўтган ўйинда Алкантара Роббеннинг ўрнига мажбурий равишда туширилганди. Балки Ҳайнкес ҳужумкорроқ вариант танлаб, Хамес ва Алкантарадан биридан воз кечиши ва Левандовскига шерик сифатида Вагнердан фойдаланиши ҳам мумкин.
ҚИЗИҚАРЛИ СТАТИСТИК ФАКТЛАР
• Сўнгги олти учрашувда «Реал» «Бавария» устидан ғалаба қозонди. Тўплар нисбати – 15:5.
• ЕЧЛ тарихида фақат икки марта, плей-оффнинг илк ўйинини ўз майдонида бой берган клуб кейинги босқичга чиққан. 1995/96 ярим финалида «Панатинаикос»га 0:1 ютқазиб қўйган «Аякс»сафарда жавобсиз уч гол йўллаган. 2010/11 да эса, «Бавария» «Интер»ни Миланда 1:0 ютиб, ўз майдонида ютқазиб қўйган – 2:3
• 2000-2002 йилларда бу жамоалар қаторасига уч марта плей-оффда рақиб бўлишган ва доим бу жуфтлик ғолиби якунда Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган.
• «Реал» ва «Бавария»нинг Мадриддаги статистикаси қўйидагича: Мезбонларда 9 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият.
• Бернабеудаги сўнгги 41 ЕЧЛ ўйинининг 34 тасида «Реал» ғалаба нашидасини сурган. Шунингдек, 2015 йилда «Шальке»дан (3:4) ва чорак финалда «Ювентус» (1:3) дан мағлубиятга учрашган бўлишса-да, аслида бу ўйинларда ҳам икки ўйин натижаси «Реал»ни кейинги босқичга олиб чиққан.
• «Реал» немис жамоаларига қарши уй ўйинларида 33 ўйиннинг 25 тасида ғалаба қозонган. Юқорида тилган олинган «Шальке»дан мағлубият мадридликларнинг сўнгги 17 ўйинидаги (немисларга қарши) ягона мағлубиятидир.
ЎЙИН ОЛДИДАН:
Зайниддин Зидан:
«Биз учун асосийси – ғалаба иштиёқида майдонга тушиш ва имкон борича тезкор гол уриш.
Чемпионатда бўладими, кубокми, мураббий бўлиш осон эмас. Натижалар жамоанинг бугунги ҳолатини кўрсатади. Менга бугунги ҳолатимиз ёқяпти, лекин Испания чемпионатидаги турнир жадвалидан қониқмаяпман. Лекин биз ҳар доим энг юқори мақсадни қўямиз. Ҳозирги мақсадимиз ярим финални ғалаба қозониш ва финалга чиқиш. Бошқа мавзуларни ўйламасликка ҳаракат қиляпмиз»
Юпп Хайнкес:
«Бизни ҳақиқатан ҳам жуда қийин учрашув кутиб турибди. Рақибимиз учун ҳам шундай. Жамоам бундай пайтларда қандай ўйнашни жуда яхши билади.
Биз биринчи ўйинда самаралироқ ҳаракат қилишимиз лозим эди. Мавсум давомида биз жуда кўп гол урдик, ўйлайманки, айнан шундай ўйин бизга ярашишини исботлаймиз. Футболда қатъият кўрсатиб, тоғларни ағдариш мумкин».
Қаҳрамон Асланов тайёрлади.
Мавзуга оид
10:10 / 11.12.2024
Мбаппе гол урди ва жароҳат олди, аммо «Реал» бир амаллади. ЕЧЛда кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
10:40 / 17.10.2024