Ўзбекистон | 01:11 / 11.05.2018
16917
5 дақиқада ўқилади

Депутатлар «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилишди

Фото: KUN.UZ

2018 йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида депутатлар аввал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати.

Депутатлар ўз ишини жорий йилнинг февраль ойи бошида парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган.

Қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга, унинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишдаги иштироки самарадорлигини оширишга имкон бериши қайд этиб ўтилди.

Шундан сўнг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулияти оширилишини, жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизими қонунчилик асосида белгиланишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратиш бўйича танлов ўтказиш чоғида ёш фуқароларга тақдим этиладиган имтиёзлар ҳажмининг кенгайтирилишига, қишлоқда ёшларни иш ўринлари билан таъминлашнинг ва ёшларга доир давлат сиёсатини амалга оширишга оид ҳуқуқий асосларнинг қонун ҳужжатларида аниқ ифодаланишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, ташаббускорлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан жойларда ушбу соҳа мутахассислари, олимлари иштирокида бир қатор семинарлар ташкил этилди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ўтказилган таҳлил натижалари бирлаштирилди, шунингдек ушбу соҳа эксперт-мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинди.

Ушбу лойиҳа, маърузачи айтганидек, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг Жиззах вилоятидаги ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига «Республикада ички автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ҳолати ҳамда истиқболлари тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган парламент сўрови якунларига кўра ишлаб чиқилди.

Депутатлар фикрига кўра, қонуннинг қабул қилиниши иқтисодиётни янада ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқлар йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолининг фаровон ҳаётини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Мажлисда «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миграция жараёнларининг кучайишига олиб келаётган, бу эса, ўз навбатида, терроризм, экстремизмнинг тарқалишига ва уларнинг дунё миқёсидаги муаммога айланишига хизмат қиладиган, жаҳоннинг айрим минтақаларидаги беқарор вазият қайд этиб ўтилган эди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши мажлисда алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид