Ўзбекистон | 19:40 / 13.05.2018
10042
4 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси: “Туризмни ривожлантириш учун йўллар ва меҳмонхона хизматига эътибор зарур”

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 26 йил тўлди. Ўтган чорак асрдан кўпроқ муддат ичида ҳар иккала давлат ҳам турли ўзгаришларни бошдан кечирди. Табиийки, бу давлатлараро муносабатларда ҳам ўз аксини топди. Бироқ, бир даврнинг ўзида, АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам янги давлат раҳбарлари сайланди. Шундай қилиб, муносабатларнинг янги босқичи йўлга қўйилди.

Икки мамлакатлар ўртасида ҳамкорликда қандай лойиҳалар амалга оширилади? Америка ишбилармонларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши қандай? Шу ва бошқа масалалар юзасидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним “O’zbekiston 24” телеканалига интервью берди.

“Шавкат Мирзиёев қисқа давр ичида мамлакатда катта ўзгаришларни амалга ошира бошлади. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Кутилаётган ташриф давомида давлатлар ўртасидаги турли даражадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонга GM, Coca-cola бренди билан кириб келган Американинг йирик компаниялари иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, бошқа гигантлар ҳам бу ўлкага қизиқиш билдиришмоқда.

Бу ерда туризмни ривожлантириш учун бир нарсани таъкидлаш лозим: сайёҳ учун мамлакатнинг ўзи қизиқарли бўлиши керак. Ўзбекистон ана шундай қизиқарли давлатлар сирасига киради, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўпчилик тасаввурга эга. Қадимий шаҳарларда ташриф буюрувчи сайёҳларга яратилаётган шароитлар ҳам ўсиб бормоқда. Аммо, мен кўпроқ, Ўзбекистоннинг чет элда машҳур бўлмаган шаҳарлари ҳақида гапиришни истардим. Масалан, Фарғона водийсидаги Мингтепа манзилгоҳини яқиндан томоша қилдим. Шубҳасиз, бу ҳам сайёҳларни қизиқтиради. Камчиликлар шундан иборатки, обидалар олдига сайёҳга тушунарли тилда ёхуд инглиз тилида маълумотлар қўйилмаган. Ўлка тарихи ва маданиятини яхши биладиган, хорижий тилларда бемалол сўзлашадиган гид-таржимонларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Айни дам бу борада Наманган давлат университети билан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Туризм ривожланган шароитда сайёҳлар сони ҳам ошади, бу эса меҳмонхона ва транспорт хизматига алоҳида урғу бериш зарурлигини келтириб чиқаради. Чет элдан келган сайёҳ равон йўлларда юришни, тезюрар поездда ҳаракатланишни истайди.

Сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун нима зарур? Бунинг учун Ўзбекистонни хорижда ПР қилиш лозим. Масалан, Америкада Ўзбекистон номи билан боғлиқ кўргазмаларни тез-тез уюштириб туриш, фестиваль ва маданият кунларини кўпроқ ташкил этиш керак. ОАВда ижобий тусдаги репортаж, мақолалар бериб борилиши ҳам сайёҳлар эътиборини тортади”, дейди элчи хоним.

Маълумот учун, Памела Спратлен АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолиятини 2014 йил бошлаган. Бундан аввал, у АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси вазифасида ишлаб келган. Шунингдек, у АҚШ Қозоғистондаги миссия бошлиғининг ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган. Памела АҚШ Давлат департаментида Марказий Осиё масалалари бўйича директор, шу масалалар бўйича Давлат котибининг ўринбосари бўлиб ҳам ишлаган. Элчи рус, француз, испан тилларида ҳам сўзлаша олади.

 

Мавзуга оид