Иқтисодиёт | 23:24 / 16.05.2018
50887
3 дақиқада ўқилади

“Ўзагроэкспорт” саримсоқ пиёзнинг харид нархини эълон қилди

Айни пишиқчилик даврига кириб боряпмиз. Бозорларга апрель ойи охирида қулупнай, тут ва гилос чиққан бўлса, ҳозир воҳа томондан ўрик келишни бошлади. Бодринг арзон бўлган кунлардамиз.

Кексаларимиз “Қўли дард кўрмасин”, “Барака топсин” дея дуо қиладиган деҳқонларнинг меҳнатлари эвазига етиштирилган ҳосил бу. Ана шундай миришкорлар борлиги сабаб, истеъмол бозоримизда нархлар барқарор бўлиб турибди.

Деҳқонларимиз ўзимизнинг бозорни тўлдириш билан бир вақтда катта майдонларга эккан маҳсулотларини чет давлатларга экспорт ҳам қилади.

Бу йилги саримсоқ пиёз ҳосили ўтган йилгига нисбатан анча ошиши, яъни кўпроқ майдонга экилгани натижасида  ушбу маҳсулотни жаҳон бозорига экспорт қилиш имконияти бўлади.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг”  ХК таркибидаги “Ўзагроэкспорт” компанияси саримсоқ пиёзнинг 2018 йилги ҳосили учун харид нархларини эълон қилди. Унга кўра 55-60 мм калибрли (ўлчамли) саримсоқ пиёзнинг 1 кг учун харид нархи 4 500  сўм этиб белгиланди.

Кичик таҳлил

Маълумки, саримсоқ пиёз уруғи ерга сентябрь ойида экилади. Саримсоқ пиёз саккиз ойда етилиб, тўққиз ойда пишади. Апрель ойи, яъни етилиб қолган пайтида банди кўк ҳолича сотилса,  май ойининг охирида кавлаб олиниб, кўраклаб сотилади.

Ҳозир водий пайкаллари бошида кўтарасига сотилаётган саримсоқ пиёзнинг нархи икки минг беш юз, уч минг сўм экан. Воҳа томонларда эртаки пишган саримсоқ пиёз нархи 2 минг сўм атрофида. Ўтган йили саримсоқ пиёз худди шу пайт бозорларда килоси 8000дан сотилган эди.

Таҳлилимиз ташкилот томонидан саримсоқ пиёзнинг харид нархи деҳқонлар учун ички бозор нархига нисбатан фойдали белгиланганини кўрсатмоқда. Энди  ана шу нархда сотиб олиш учун экспортёр – харидор келса бўлгани.       

Элмурод Эрматов, журналист

Мавзуга оид