Иқтисодиёт | 12:38 / 16.05.2018
10158
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон хизматлар импортини кескин оширди - 565 фоизга 

Республикада ташқи савдо айланмаси 2018 йил январь-апрел ойларида 11,3 млрд АҚШ долларини, шу жумладан экспорт 5,0 млрд АҚШ долларини ва импорт 6,3 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак беряпти.

Ташқи савдо айланмаси салдоси минус 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этди. 

Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,2%га ўсиши табиий газнинг 1,9 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар эса 7,3%га ўсди, шундан пластмасса ва пластмасса буюмларининг экспорти 16,7%га ошди. 

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,6%га ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 41,9%га ўсишига олиб келди.

Импорт таркибида асосий улуш машина ва асбоб-ускуналар (умумий импорт ҳажмида 32,5%) ва кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (12,3%) ҳисобига тўғри келмоқда.

2018 йил январь-апрель ойларида ташқи савдо айланмаси салдоси минус 1310,5 млн АҚШ долларни ташкил қилди, шундан МДҲ давлатлари билан минус 835,5 млн АҚШ долларни ва бошқа давлатлар билан 475,0 млн АҚШ долларни ташкил этди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 28,0%ни ташкил қилди, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Германия, Латвия, Эрон, Франция давлатлари ҳисобланиб, уларнинг улуши 32,1%ни ташкил қилмоқда.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт хажми 115,9 млн АҚШ долларини ташкил қилди, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,8%га ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмида 17,3%ни мева ва резаворлар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,0%га ўсди), 65,6%ни сабзавотлар (59,4%га), 13,0%ни узум (3,4%га) ташкил қилади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий ҳамкор давлатлар Қозоғистон (умумий ҳажмдан 35,4%), Россия (13,3%), Афғонистон (12,5%), Вьетнам (6,7%), Хитой (5,9%), Туркия (5,2%), Қирғизистон (2,5%), Покистон (2,3%) ва Эрон (2,0%) ҳисобланади.

2018 йил январь-апрель ойлари якуни бўйича тўқимачилик маҳсулотлари экспорти умумий экспорт ҳажмида 8,5%ни ташкил қилди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорт хажми 424,9 млн АҚШ долларини ташкил қилди ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоизга ошди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2018 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон табиий газ экспортини 1,9 бараварга оширгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид