Light | 21:50 / 20.05.2018
22139
3 дақиқада ўқилади

Юрак саломатлигини мустаҳкамлаш учун балиқ истеъмоли тавсия қилинди

Фото: liveinternet.ru

Ҳафтасига ҳеч бўлмаганда икки порция балиқ истеъмол қилиш юрак хуружи ҳамда бошқа юрак-қон томир касалликлари натижасидаги эрта ўлим хавфини сезиларли даражада пасайтирар экан. "Ортодокс" тиббий портали шу ҳақида маълум қилди.

"Яхши биламизки, балиқдаги омега-3 ёғ кислоталари юрак саломатлиги учун муҳим. Ўтказилган янги тадқиқотлар буни тасдиқламоқда ва зарарли таомлар, жумладан таркибида ёғ кўп бўлган маҳсулотлар балиққа алмаштирилган тақдирда унинг ижобий таъсири янада ошишини кўрсатмоқда", - дейди Ҳарвард университети олими Эрик Римм.

Бугун аксарият олимлар парҳез ва муайян озиқ-овқат маҳсулотлари нафақат инсон вазнига, балки унинг мияси, қон томирлари, юраги ва бошқа асосий органлари фаолиятига ҳам катта таъсир кўрсатади, деб ҳисоблашмоқда. Масалан, олимлар яқинда зайтун мойи ва Ўрта ер денгизи маҳсулотларидан тайёрланган таомларни катта миқдорда истеъмол қилиш юрак хуружи ва инсульт натижасидаги ўлим ҳолатлари кўрсаткичларини сезиларли даражада пасайтиришини аниқлашди.

Денгиз маҳсулотлари, балиқ мойи ҳамда ундаги ёғ кислоталари юрак ва қон томирлари саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади, улар қон босимини пасайтиради, холестерин миқдорини камайтиради ва қон томирлари деворларини юмшатади. Бошқа томондан, денгиз фаунаси вакилларининг гўштида катта миқдордаги симоб ва бошқа зарарли моддалар бўлиши мумкин, улар эса инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Римм ва унинг ҳамкасблари денгиз маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ барча ижобий ва салбий жиҳатларни таҳлил қилишди ҳамда сўнгги йигирма йилда одамлар  ва жониворларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида илмий гуруҳлар томонидан тўпланган маълумотларни ўрганишди. 

Маълум бўлишича, ҳафтасига атиги икки порция балиқ истеъмол қилиш юрак хуружи, инсульт ва қон томирлари билан боғлиқ бошқа касалликларнинг ривожланиш хавфини 40-50 фоизга пасайтириш учун етарли экан. Тоза балиқ ёғини истеъмол қилиб ҳам шунга ўхшаш таъсирга эришиш мумкинлиги қайд қилинди.

Шу ўринда шифокорлар акулаларнинг йирик турлари, тунец ва бошқа катта балиқлар гўштини истеъқол қилишдан сақланишни тавсия қилишмоқда, бу уларнинг организмида симоб тез тўпланиши билан боғлиқ экани таъкидланди.

Мавзуга оид