Ўзбекистон | 22:56 / 22.05.2018
23303
2 дақиқада ўқилади

Селдан зиён кўрган Жом аҳолисига Самарқанд шаҳри ёрдамга ошиқди

Ўтган ҳафта қаттиқ ёмғир ёғиши натижасида Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Жом қишлоғидаги бир нечта хонадон ҳовлиларига сел оқиб кирган, фуқароларга моддий зарар етказилгани, жумладан, айрим уй-жойлар лойқа сув остида қолиб, деворлари нурагани ҳақида хабар берилган эди.

Сел оқибатлари ФВВ қутқарувчилари томонидан бартараф этилиб, зиён кўрган оилаларга маҳаллий ҳокимлик органлари, турли корхона ва ташкилотлар моддий ёрдам кўрсатишга киришишди.

Жом қишлоғининг иккита маҳалласида кейинги икки ой давомида «Обод қишлоқ» дастури доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириб келинаётгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Афсуски, табиий офат янгини ҳам, эскини ҳам аяб ўтирмади.

Жомдаги сел ҳақида хабар келиши билан Самарқанд шаҳар ҳокимлигида махсус штаб ташкил этилди ва зарар кўрган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўрила бошланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойафзал, кўрпа-тўшак ва рўзғор учун керакли буюмлар тайёрланиб, Жомга олиб борилди ва уйма-уй тарқатилди.

Ҳаммаси бўлиб аҳолига ҳозирча 27 қоп макарон, 10 қоп ун, шунингдек, гуруч, мош, сариёғ, тухум, картошка, пиёз ва бошқа маҳсулотлар, 50 жуфт оёқ кийим, 25 та кўрпа, шунча ёстиқ ҳамда чойнак, пиёла, коса ва бошқалар тарқатиб чиқилган.  

Шаҳар ҳокимлигининг KUN.UZ’га тақдим этган маълумотларига қараганда, жомликларга кўрсатиладиган ёрдам кўлами янада кенгайтирилади, вилоят марказидаги корхона ва ташкилотлар ҳам уларга қўлдан келгунча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилишган.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид