Жамият | 10:41 / 09.05.2020
98410
6 дақиқада ўқилади

Омондара сув омборидаги уч йиллик ёриқ: қуруқ ёзишмалардан чарчаган 20 минг киши хавф остида

Баъзан қайсидир нохуш ҳолат сабаб ўша тизимдаги камчиликларни илғай бошлаймиз. Хусусан, «Сардоба» сув омборида кузатилган фожиа умуман бизнинг жамият учун янги мавзу бўлди.

Аммо ушбу репортаж «Сардоба» ҳақида эмас. Самарқанд вилоятининг Қашқадарё билан чегарадош Нуробод туманидаги Омондара паст босимли сув тўғони тўғрисида. Ушбу сув омборнинг бунёд бўлиши билан тенгдош «дарди» — гирдоб (воронка) ҳақида...

Таҳририятга Жом ҳудудида жойлашган мазкур сув тўғони назоратчиси Санжар Раҳимов мурожаат қилди.

Унинг айтишича, 2016 йил ёзида фойдаланишга топширилган ушбу иншоотнинг тез орада нуқсонлари кўриниб қолади. Бир йил ўтмай, тўғонда гирдоб ҳосил бўла бошлайди. Натижада 375 минг метр куб сув тўпланиши керак бўлган омборда бунча сувни ушлаб туриш хавфли бўлиб қолади. Қизиғи — бу камчилик ва хавф йиллар давомида лойиҳачи, қурувчи, соҳанинг вилоят, республика даражасидаги масъулларига хабар қилиб келинаётган бўлса-да, масалага негадир панжа орасидан қараб келинмоқда.

Омондара сув тўғонида бўлганимизда, назоратчи Нурали Сафаров навбатчилик қилаётган экан. У ҳудуд об-ҳавоси ниҳоятда тушунарсиз ва инжиқ эканлигини айтди. Тўғон сел йўлида бўлиб, баҳор ва куз ойларида исталган дақиқада катта миқдорда сув келиш хавфи бор, деди у.

Назоратчи фавқулодда ҳолатлар кузатилса, «Аввало, раҳбарларимизга хабар қиламан», деди. Таассуфки, бу ҳудудда қарийб тўрт соат турган бўлсак-да, уяли телефондан фойдалана олмадик. Алоқа йўқ. Нурали ака зарурат бўлганда, тоғнинг тепасига чиқиб ёки аҳоли яшаш пунктига тушиб, телефонидан фойдаланар экан. Сув омбор ходимлари учун қурилган шийпонда махсус телефон аппарати мавжуд эмас.

Эштурди Раҳимов ушбу сув омбор қурилишида бош-қош бўлган, масаланинг «иссиқ-совуғи»дан хабардор инсон. Соҳага масъул бўлган республика даражасидаги раҳбарларни танийди. Қоғоз-қалам, сурат кўтариб кириб борган, баҳслашган, ҳақлигини исботлаган.

Ўз навбатида юқоридан келиб ўрганишган, ўрганишган ва яна ўрганишган... Отахон тўғон билан боғлиқ ҳар бир жараённи қоғозга тушириб келмоқда. Савол туғилади: Э.Раҳимовнинг қўлидаги қоғозларда сув омбори билан боғлиқ муаммо барча масъулларга маълум бўлса-да, арқон нега бунчалик узун ташлаб қўйилмоқда?

Фахрий агроном шу кеча кундузи қишлоқ қабристонининг маълум қисмини сел олганини маълум қилди. Бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Ташвишлари ортиқча ваҳима эмаслигига ишончли далил келтирди.

«2018 йилнинг 15 майидан 16 майига ўтар кечаси Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларини сел олди. Жами 62 хонадон жабрланди. Ўшанда ҳам давлат бир неча миллиардлаб зарар кўрди. Одамлар ҳаловатини йўқотди. Бизга шу керакми?», деди у.

Агроном ҳақ. Халқимиз синовлардан шундоқ ҳам букилиб қолди...

Эштурди аканинг қўлидаги ҳужжатларни батафсил ўқиш мутахассисларга ҳавола. Аммо бу ҳужжатлар ичида айрим ташкилотларо ёзишмаларни кўриб кулмайсиз, йиғлайсиз.

Масалан, 2019 йил 25 март куни Самарқанд вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи А.Суюновдан Сув хўжалиги вазири Ш.Р.Ҳамраевга хат чиққан. Омондара сув омборининг қуйи қисмидан сув сизиб чиқаётгани, бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолгани ва муаммони бартараф этиш учун вазирликдан малакали мутахассислар ажратилиши сўралган.

Шундан сўнг Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Мамутов имзоси билан «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, «Самарқандсувқурилишинвест» давлат унитар корхонаси (сув омборни қурган корхона) ҳамда Самарқанд вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси (эътибор қилинг, вазирликка шу ташкилот ёрдам сўраб хат ёзганди)га хат чиқади. Мақсад — 2019 йилнинг 19 апрелига қадар вазирлик электрон почтасига Омондара сув омборидаги муаммони бартараф этиш ва жўяли таклиф ташлаб бериш сўралган.

Буни қарангки, ҳудудда 20 мингдан ортиқ аҳоли яшайди! Ёзишмалар тугаши, қоғозлар семириб бораверишини тўғон ҳам, халқ ҳам кутиб туради, деб ўйлашади шекилли...

Биз вазиятни ўрганаётган пайтимизда вилоят қурилиш назорат инспекцияси инспектори О.Ярматов сув омбор лойиҳачиси билан бирга келди. Уларнинг қўлида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Шукуров имзоси қўйилган чора-тадбирлар режаси бор экан. Мақсад, мазкур сув омборни авария ҳолатига келишининг олдини олиш, буюртмачи, пудратчи ҳамда лойиҳачи ташкилотларга аниқланган камчиликларни маълум қилиш.

Аҳамият беринг, сув омборда аллақачон авария ҳолати мавжуд ва бу муаммони уч йилдан бери масъуллар бартараф этолган эмас! Умид қиламиз, бу сафар бошқача бўлар...

Чунки...

Ушбу сув омбордан самарали фойдаланилса аввало, аҳоли хавфсиз бўлади. Қолаверса, Жомда истиқомат қилаётган 20 минг киши янада яхши яшай бошлайди. Бу 350 гектар ерларни суғориш имконияти пайдо бўлади, дегани! Афсуски, айни вақтда сув омбордаги ёриқ сабабли сув оқизиб юбориляпти. Йил давомида, меъёр билан фойдаланишнинг имконияти бўлмаяпти.

Хулоса

Эштурди ака каби инсонларнинг хуржунида ташкилотлардан борадиган хатлар, қоғозларга жой қолмади. Табиат эса унчалик ҳам сабрли эмаслигига шу кунларда кўп бор гувоҳ бўлдик...

Kun.uz вазиятни кузатади.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид