Ўзбекистон | 20:46 / 07.11.2024
10733
4 дақиқада ўқилади

Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди

Сел сув омборлари Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги 9 та туманда барпо қилинади. Натижада, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони яратилади.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда қайд қилинишича, ҳозир республикадаги 2,5 миллион гектар ерни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станция йилига 6,8 миллиард киловатт электр сарфлаяпти. Хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиб, 20 фоиз электрни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга Жиззах ва Наманган бош насос станцияларини шаффоф ва жозибадор шартда халқаро тендерга чиқариш топширилди.

Фермер хўжаликларида 1 минг 700 та насос йилига 1 миллиард киловатт электр сарфлайди. Уларга электр харажати учун бу йилги бюджетда 170 миллиард сўм субсидия режа қилинган эди. Келгуси йил бунга яна 250 миллиард сўм ажратилмоқда.

Масалан, хоразмлик 92 нафар деҳқон замонавий насос ўрнатиб, электрни 20 фоиз тежаяпти. Қуёш панели ўрнатиш ҳисобига эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад олаяпти.

Хоразм тажрибасини кенгайтириш мақсадида электр харажати учун субсидияни насосларни янгилаш ва қуёш панеллари ўрнатишга боғлаш кераклиги қайд этилди.

Ушбу тажриба асосида ҳар йили 1000 тадан фермерни янги тизимга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Республика бўйича 2 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани натижасида ўтган йилнинг ўзида 2 миллиард куб метр сув тежалди. 50 дан ортиқ маҳаллий корхона бундай технологияларни ўзимизда чиқараяпти.

Шундай бўлса-да, томчилаб суғориш жорий қилинди, деб ҳисобот берилган барча далаларда ҳам бу тизим ишламаяпти. Қорақалпоғистонда эса лазерли текислашга 10 миллиард сўм субсидия берилган бўлса-да, бу маблағ ишлатилмасдан қолган.

Масъул идораларга лазерли текислаш, сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши ва ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Қорақалпоғистонда мавжуд лазерли текисланган ернинг ҳар гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими энди Хоразмда ҳам жорий этилади.

Умуман, келгуси йилда сув тежовчи технологиялар учун 700 миллиард сўм субсидия, 2,5 триллион сўм кредит ажратилиши белгиланди.

Яна бир муҳим масала – баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиб, суғоришда ишлатилиши. Масалан, Қўшработ туманининг “Хонназор”, “Чорлоқ”, “Қўрғон”, “Шовона” ва “Қийқим” маҳаллаларидан ўтган сойдан йилига 36 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетади.

Бу ерда кичик сув омбори қурилса, 2,5 минг гектар ерни ўзлаштириш, янги ерларни интенсив сабзавотчилик учун аҳолига бериб, 4 минг ишсизни банд қилиш ва 600 та оилани камбағалликдан чиқариш мумкин.

Бундай сел сув омборларини Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги яна 9 та туманда барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор. Шу муносабат билан мутасаддиларга 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлаш топширилди.

Президент сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш эканини таъкидлади. Насос станцияларига 1,7 мингта “онлайн” назорат қурилмаси ва 12 мингта “ақлли сув” қурилмаси олиб келинган. Лекин улардан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қиладиган ахборот тизими йўқ.

Шу боис, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади. Ушбу марказ сув истеъмоли ва уни ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизимини ишга туширади.

Ҳозирда сув солиғидан тушумнинг 40 фоизи туман сувчиларида қолмоқда. Лекин, 27 та туманда ундирилган сув солиғидан маблағ сув етказиш хизматларига ўтказиб берилмаган. Вилоят ҳокимликларига бир ҳафтада ушбу камчиликни бартараф қилиш топширилди.

Молия вазирлигига бундан буён сув солиғидан тушум бюджет ва сувчилар ўртасида автоматик равишда тақсимланишини таъминлаш топширилди.

Йиғилишда соҳа мутасаддиларининг ҳисоботлари, фермер хўжаликлари раҳбарларининг таклифлари тингланди.

Шавкат Мирзиёев, ирригация, қишлоқ хўжалиги

Мавзуга оид