Light | 01:01 / 24.05.2018
100421
6 дақиқада ўқилади

Тиниб тинчимас ҳоким ҳаётидан бир кун

Юнусобод тумани пойтахтнинг деярли 300 минг аҳолисига эга бўлган саноатлашган қисми ҳисобланади. Туман дастлаб 1936 йил 26 августида Киров номи билан ташкил этилган. 1992 йил 8 майида Юнусобод номини олган. Ҳудудда 5300дан ортиқ корхона ва ташкилот фаолият юритади.

2017 йилнинг апрель ойида Юнусобод туманига Бахтиёр Ҳасанович Абдусаматов ҳоким этиб тайинланди. «Ҳоким билан бир кун» лойиҳаси доирасида Юнусобод тумани ҳокимининг бир кунига ҳамроҳлик қилдик.

Кунни эндигина қуриб битказилган «Хасанбой» маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносини маҳалла оқсоқол ва фаолларига топшириш маросими билан бошладик. Айтиш керакки, маҳалла маркази замонавий талабларга жавоб берадиган талабда қурилган.

Бундан ташқари, қурилиши бошланган «Катта Хасанбой», «Ҳамкоробод» ва «Янги боғ» МФЙ марказларини кўздан кечирдик. Ҳоким мазкур марказларнинг қурилиши бўйича ўз тавсияларини берди. Камчиликларни бартараф этиш учун масъул шахсларга муддат тайинланди, болалар ўйингоҳи майдони кенгайтирилиши лозимлиги айтилди, биноларни сифатли қилиб қуриб битказиш масаласи муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга «Обод маҳалла» лойиҳасига тушган «Боғи шамол» МФЙ кўздан кечирилди. У ерда тегишли ўринбосар ва ташкилот раҳбарларига вазифалар берилди. Касалланган дарахтларни кесиш, маҳалла ичидаги йўлакларни таъмирлаш, ариқларни очиб, сув оқадиган даражага келтириш, фуқаролар учун автотураргоҳ қуриш, болалар ўйингоҳини замонавий жиҳозлар билан безаш, ҳудудда ноқонуний қурилган биноларни бузиш, ўзбошимчалик билан ўтказилган кабелларни тартибга солиш, ҳудудда тозалик ишларини доимий тарзда олиб бориш, яроқсиз биноларни таъмирлаш ва бошқалар бу лойиҳага киритилгани айтилиб, барча фуқаролар огоҳлантирилиши зарурлиги таъкидланди.

Туман ҳудудида жойлашган 240- ва 246-мактабларга ташриф буюрдик. Таъмирлаш ишлари бошланган мактаб директорлари билан учрашдик. Улар ўз таклифларини айтишди. Таклифлар туман ҳокими ёрдамчиси томонидан ёзиб олинди. Улар тегишлилиги бўйича кўриб чиқилиши тушунтирилди.

Шу куни Марказ-5 ҳудудида болалар майдончаси қуришни режалаштираётган тадбиркор билан туман ҳокими сайёр учрашув ўтказди. Ҳоким албатта тегишли имкониятлар ҳокимият томонидан яратилишини маълум қилди.

9 май - Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан таъмирланган «Тошкент ботаника боғи»га ташриф буюрдик. Боғ ҳудудида 900 киши учун ёзилган байрам дастурхони кўздан кечирилди.

У ердан чиқиб «Отчопар-2» МФЙда қурилаётган 9та кўп қаватли бинолар ҳудудига бордик. Турар-жой бинолари «Қорачой билдинг» МЧЖ томонидан қурилмоқда. Замонавий талабларга жавоб берадиган бинолар қурилиши кўздан кечирилди. Тадбиркор вакилига топшириқлар берилди. Муаммо пайдо бўлса, туман ҳокимлиги эшиги доимо ҳамма учун очиқлиги таъкидланди. Тегишли муддатда қуриб битказилиши лозимлиги яна бир бор эслатилди.

Туман ҳокими тушлик ҳам қилмади. Ҳокимият биносига қайтиб келиб, «Обод маҳалла» Давлат дастурига туширилган маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказди. Лойиҳа асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар берилди. Кечки вақтда яна шу мавзуда мажлис ўтказилди.

Ҳокимият биноси ҳудудида фуқаролар (ногирон ва қариялар) учун қурилаётган ва таъмирланаётган хоналарни кўздан кечирдик. Яқинда қуриб битказилган мажлислар зали ҳам шу жумладан. Зал жуда чиройли ва ёруғ қилиб битказилибди.

Бу орада туман ҳокими билан Иқтисодиёт вазирлигида Республикадаги барча туман ҳокимлари ва уларнинг вакиллари учун ўтказилган «Обод маҳалла» доирасидаги мажлисга ҳам бориб келдик.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Кечқурунги соат 21:00лар атрофида туман ҳокими ташкилий ишлардан бўшаб, ҳужжатларни кўздан кечириш ва имзолаш учун хонасига кирди. Шу вақтда у биз билан ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

«Муҳтарам Президентимиз бизнинг олдимизга қўйган масалалар жуда муҳим. Ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишимиз керак. Яратганнинг ўзи куч-қувват бериб, бугун кўп нарсага улгурдик. Лекин ҳал қилинган масаладан кўра, олдинда турган муаммолар ҳали жуда кўп. Президент назарда тутаётган ишларнинг 10 фоизини ҳам бажарганимиз йўқ. Ҳар бир вазифа давлат раҳбари томонидан ечими билан берилмоқда. Фуқароларнинг кўзларида ишонч уйғонмоқда.

Баъзан қурилиш ташкилотлари белгиланган меъёрдан ошади. Шундай вазиятда фуқаролар норозилиги ҳам юзага чиқади. Шу вақтда уларни муросага келтириш осонмас. Иккала тарафни ҳам рози қилиш керак. Қийин бўлса ҳам вазифамизни бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Фуқароларнинг мурожаатлари қолиб кетмоқда деб, кўплаб аризалар тушади. Биз олдимизга қўйилган вазифаларни бажармагунимизча шундай дам олишсиз ишлашга ваъда берамиз»,- деб таъкидлаб ўтди туман ҳокими.

Ҳа, бугун давр шиддатли. Буни ҳис қилмаслик, унинг руҳиятига уйғунлашмаслик мумкин эмас. Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир нуқтасида иш қизғин. Зеро бу ислоҳотларнинг замирида халқ розилиги, миллат равнақи ётибди.

Солижонов Зафарбек
Kun.uz

Мавзуга оид