Спорт | 02:15 / 28.05.2018
18213
2 дақиқада ўқилади

Балаге: "Реал" Неймарни харид қилиш учун Роналду ва Бейлни сотиши мумкин

Фото: Getty Images

Sky Sports журналисти Гильем Балаге "Реал Мадрид" ҳужумчилари Криштиану Роналду ҳамда Гарет Бейл билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида фикр билдирди. 

"Бейл ўз ичида нимани ҳис қилаётганини ошкор қилиш учун яхши имкон топди. Яқин вақтларгача "Реал" ҳам, "Гарет" ҳам ҳамкорликни давом эттириш тарафдори экани ҳақида гапиришаётган эди. Ўйлашимча, Бейл хонадан чиқиши билан клуб бошқа гапларни айтишни бошлайди. У буни тушунади ва ҳафсаласи пир бўлган. Гарет ҳар ҳафта ўйнашни хоҳлайди. Ўз ўрнида Зидан ҳам Бейлнинг доимо захирада ўтиришига бўлган муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини айта олмайди. 

Кеча ҳамма бу футболчининг қандай сифатларга эга эканини кўрди. Кўпчилик нима учун у асосий таркибда тушмагани ҳақида ҳам ўйлаб қолди. Бу Гаретнинг ҳам бошида айланаётган фикрлар. У ўзининг дунёдаги энг кучли беш ўйинчидан бири деб ҳисоблайди ва шунинг учун ёки "Реал", ёки бошқа клубда ўйнаши керак деб ўйлайди. 

Шунингдек, Криштиану Роналду ҳақида ҳам гаплашиш керак. Неймар – "Реал" президенти Флорентино Переснинг орзуси. У Роналду ҳамда Бейлни сотиш орқали Неймар трансферига етадиган пулларни ишлаб олса, қаттиқ хафа бўлади, деб ўйламайман. Ишонаманки, Пересда бундай имконият бўлса, у Неймарни харид қилади", – деди Балаге. 

Мавзуга оид